Politico: Байденнинг инаугурацияси куни Трампга нисбатан импичмент кўриб чиқилиши мумкин

Олам 2062
image

АҚШ Сенати сайланган Президент Жо Байденнинг инаугурациясидан бир соат ўтгач, амалдаги Президент Дональд Трампга қарши импичмент айбловларини кўриб чиқишни бошлаши мумкин. Бу ҳақда "Politico" хабар берган. 

Инаугурация маросими жорий йил 20 январь куни бўлиб ўтади. Анъанага кўра, у тушда ўтказилади. 

Манбанинг ёзишича, сенаторлар Трампга қарши айбловларни 20 январь куни маҳаллий вақт билан соат 13:00да (Тошкент вақти билан 23:00) кўриб чиқишни бошлашлари мумкин. 

Бунинг учун АҚШ Сенатининг барча юз нафар аъзосининг розилиги талаб қилинади. Шунингдек, барча сенаторлар бир вақтнинг ўзида Жо Байденнинг кадрлар тайинланиши ва қонунчилик ташаббусларини кўриб чиқишга розилик билдиришлари керак ва бу жараённи мураккаблаштириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирган эди. Капитолийга ҳужум фонида Трампга иккинчи импичмент эълон қилинди. Шундан сўнг бир қатор мессенжерлар ҳам Трампнинг аккаунтларини блоклади.

Ўша куни бу воқеалардан аввалроқ Трамп Вашингтонда тарафдорлари билан учрашиб, унда тўпланганларни Капитолийга келиб, қонун чиқарувчиларни “ўғирланган сайловлар” бўйича ўз норозиликларини билдиришга чақирган. 

Трамп вакиллар палатаси икки марта импичмент эълон қилган АҚШ тарихидаги биринчи Президент бўлди. Амалдаги Президентга 2019 йил декабрида биринчи марта импичмент эълон қилинганди. Ўшанда конгрессменлар Трампни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгресс ўтказган терговга тўсқинлик қилишда айблашган. Бироқ Сенат Трампни оқлаганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 22
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×