АҚШга ён қўшнисининг “хиёнати” ёхуд Европага юзланиш
Таҳлил
−
19:59 630 9 дақиқа
Ён қўшни – жон қўшни. Канада АҚШнинг энг яқин қўшниси, йирик савдо ҳамкори эди. Бироқ Вашингтон билан кучайган савдо уруши Оттавани Атлантиканинг нариги томонидан дўст излашга мажбур қилмоқда. Манашундай вазиятда Европа Иттифоқи саҳнага чиқди. Энди альянс учун Канада шунчаки ҳамкор эмас, балки унга ўз тарихидаги илк “ассоциациялашган аъзо” мақомини таклиф қилмоқда. Канада бош вазири Марк Карни эса бу ғояни очиқ қўллаб-қувватламоқда.
Бу тўлақонли аъзолик эмас, ҳатто “ассоциациялашган аъзолик” деган мақом учун аниқ бир ҳуқуқий механизм ҳам мавжуд эмас. Таклиф эса савдодан тортиб мудофаа, энергетика, сунъий интеллект, стратегик минераллар, космос ва рақамли технологияларгача бўлган соҳаларни қамраб олиши мумкин.
Энг қизиғи, ҳали бу яқинлашувнинг АҚШга нисбатан позицияси ҳақида бирор бир гап айтилмай туриб, Вашингтон бундан хавотирга тушмоқда. Дональд Трамп Европа Канадага бундай мақом берса, АҚШ Европага “жуда жиддий” божлар жорий қилиши, “қақшатқич қасос олиши” ёки айрим йўналишларда савдони тўхтатиши мумкинлигини айтди. Оқ уйнинг бундай кескин муносабати жамоатчиликдаги “Оттава буни қасдма-қасдига қилмоқда”, “Трампга қарши бирлашув бу” каби фикрларнинг тасдиғи сифатида кўрилмоқда.
Хўш, Канада нега айнан ҳозир Европага юзланмоқда? Европа Иттифоқи Канададан нимани олмоқчи, Канада эса Европадан нима кутмоқда? Бу ташаббус АҚШ билан давом этаётган савдо урушига қанчалик алоқадор? Ва энг муҳими – гап оддий савдо шериклигини кенгайтириш ҳақидами ёки Шимолий Америка ва Европа ўртасида янги геосиёсий иттифоқнинг пойдевори қўйилмоқдами?
Илк ассоциациялашган аъзо
16 сентябрь куни Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Канадага Европа Иттифоқининг (ЕИ) биринчи ассоциациялашган аъзоси бўлиш имкониятини таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, энди икки томон муносабатларини оддий савдо алоқаларидан “келажак учун иттифоқ” даражасига олиб чиқиш керак. Европа парламенти депутатлари ва Евроparламент мажлисида қатнашаётган Канада бош вазири Марк Карни бу таклифни олқишлаган.
“Биз ҳамкорликларимизни зудлик билан қайта кўриб чиқишимиз керак. Шунинг учун Канада ЕИнинг биринчи ассоциациялашган аъзоси бўлиши учун эшикни очиш устида сиз билан ишлашни истайман”, деган фон дер Ляйен.
Шунингдек, фон дер Ляйен ЕИ ва Канада сунъий интеллектдан иқлим ўзгаришигача, Арктикадан геосиёсатгача бўлган масалаларда дунёга бир хил нуқтаи назардан қарашини айтган. У икки томон Украина, мудофаа, хомашё ва таъминот занжирлари масалаларида ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаган.
Бу ерда муҳим жиҳат бор: “ассоциациялашган аъзо” деган мақом ҳозирча Европа Иттифоқи шартномаларида мавжуд эмас. Яъни ҳали бу мақомнинг аниқ белгиланган ҳуқуқий шакли ишлаб чиқилмаган. Канада ҳам гарчи бу таклифни мамнуният билан қарши олган бўлса-да, ассоциациялашган аъзо бўлиш учун янги ҳуқуқий механизм ишлаб чиқилиши ва ЕИга аъзо барча 27 давлатнинг розилиги керак бўлади.
Бундан олдинроқ Украинага ҳам худди шундай мақом билан альянсга қўшилиш таклифи берилган эди. Аммо Президент Владимир Зеленский Киев фақат тўлақонли аъзоликка рози бўлишини билдиргач, иттифоқ ҳам фикридан қайтганди.
Бироқ 17 сентябрь куни Евроparламентда нутқ сўзлаган Канада бош вазири Оттаванинг бундай алоқага тайёр эканини очиқ билдирди. У Канада ва Европани “вақтинчалик иттифоқчилар” эмаслигини таъкидлаб, яқинлашувни янги геосиёсий блок яратиш уриниши сифатида эмас, балки ўз бозорларини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ва демократик институтларини ташқи босимлардан ҳимоя қилиш воситаси сифатида кўрсатди.
“Биз қулай шароитдагина бирга бўладиган иттифоқчилар эмасмиз. Биз биримиз ютиб, бошқамиз ютқазадиган битимлар кетидан қувмаймиз. Биз ҳар доим улар учун курашиб келган ҳамда мудофааси йўлида доимо хушёр туришимиз шарт бўлган умумий қадриятларга таяниб иш тутамиз”, деди Карни Европа қонун чиқарувчиларининг қарсаклари остида.
Карни ҳамкорликни стратегик минераллар, мудофаа саноати, сунъий интеллект ва ҳисоблаш технологиялари, энергетика, космос, тўлов тизимлари ҳамда рақамли савдога қадар кенгайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, ёшларнинг Атлантиканинг икки томонида ўқиши ва ишлаши учун имкониятларни кенгайтириш ғоясини илгари сурди.
“Канада ва Европа стратегик имкониятларнинг тўлиқ спектри бўйича, жумладан, критик муҳим минераллар, мудофаа саноати салоҳияти, сунъий интеллект ва ҳисоблаш қувватлари, энергетика хавфсизлиги, космос ҳамда тўлов тизими соҳасидаги чуқур ҳамкорлик орқали ўз стратегик мухториятини таъминлаши керак”, деди у.
Аммо Оттаванинг Брюсселга қараб юриши Вашингтонда бошқача талқин қилинди. Дональд Трамп 16 сентябрь куни Европа Иттифоқи Канадага бундай мақом берса, бу АҚШ томонидан “душманона ҳаракат” сифатида баҳоланиши мумкинлигини айтди. Агар ташаббус ёмон ниятли деб топилса, Вашингтон Европага “жуда жиддий” божлар жорий қилиши, ҳатто айрим йўналишларда савдони тўхтатиши мумкинлигини билдирди. Трамп таклифнинг ўзини ҳам “кулгили” деб атади.
Брюссел эса Вашингтоннинг таҳдидларига қарамай, бу ташаббус АҚШга қарши қаратилмаганини билдирмоқда. Еврокомиссия вакили Олоф Гилл таклиф “ҳеч кимга қарши эмас, балки умумий кучимиз учун” эканини айтди. Евроparламент президенти Роберта Метсола ҳам ЕИ Канада билан алоқаларни АҚШ билан муносабатлардан алоҳида кўришини таъкидлади.
Аммо шубҳасиз, бу ҳаракатлар ортида Канада ва Европа давлатларининг Трамп сиёсатидан норозилиги ҳам аҳамиятга эга. Оттава иқтисодиёти кўп жиҳатдан АҚШга таянган, ҳатто жами экспорт қиладиган товарларининг 70 фоиздан 77 фоизгача бўлган қисмини бевосита АҚШга сотарди. Аммо Дональд Трамп маъмурияти даврида бу савдо алоқалари анча сусайиб қолди. Бунга АҚШнинг чегара хавфсизлиги, ноқонуний савдо ва ички бозорни ҳимоя қилиш важлари билан Канаданинг кўплаб товарларига 25 фоиздан 50 фоизгача бож жорий этилиши сабаб бўлди. Марк Карни бошчилигидаги Канада ҳукумати ҳам ўз навбатида АҚШ тарифларига худди шундай ҳажмда жавоб божларини эълон қилди. Ҳатто бу халқаро майдонда савдо уруши сифатида ҳам кўрилмоқда.
Трамп маъмуриятининг Европа Иттифоқи билан муносабатлари ҳам ҳавас қилгулик эмас. Оқ уй ҳатто альянс давлатларини ҳам божлар билан сийлади, НАТОни молиялаштириш ва ҳарбийлаштириш масалалари ҳам қайта кўриб чиқилди ҳамда қисқартирилди. Бундан ташқари, қатор геосиёсий масалалар, жумладан, Россиянинг Украинадаги босқинлари, Гренландия масаласи ёки Исроил билан алоқалардаги зиддиятлар қайсидир маънода Европанинг АҚШдан юз ўгиришига олиб келди.
Натижада АҚШдан “хафа” икки томон бирлашмоқда. Ҳамкорлик ҳеч қандай ҳарбий мақсадни кўзламаса-да, АҚШ томони бу яқинлашувнинг иқтисодий оқибатларидан чўчаётган кўринади.
Қандай фойда?
Гарчи Канада АҚШ каби дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиёти ёки ҳарбий қудратига эга бўлмаса-да, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг кенгайиши ҳар икки томон учун манфаатли бўлади. Оттаванинг қўлида Европа тобора кўпроқ эҳтиёж сезаётган энергетика, стратегик минераллар, мудофаа ва технологиялар бор. Шу сабабли Брюсселнинг Канада билан алоқаларни ассоциациялашган аъзо мақомига кўтариши ортида нафақат АҚШнинг амалдаги сиёсатига эътирози, балки яхшигина иқтисодий фойда ҳам борлигини кўриш мумкин.
Бугунги кунда Оттава 34 дан ортиқ стратегик минерал конларига эга ва тоза энергетикага ўтиш учун энг муҳим ҳисобланган 10 минералнинг йирик ишлаб чиқарувчиларидан биридир. Никель, литий, мис каби хомашёлар Европанинг электромобиль, аккумулятор, чип ва мудофаа саноати учун ниҳоятда зарур. Европа эса Хитойга боғлиқликни камайтириш учун ишончли муқобил манбалар изламоқда. Март ойида Европа инвестиция банки ва Карни ҳукумати Канада стратегик минераллари лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини ўрганиш бўйича келишув ҳам имзолаган.
Канада Европага яна бир муҳим ресурсни – суюлтирилган табиий газ ва водородни таклиф қила олади. Муҳим минералларни етказиб бериш, бунинг учун Канада шимоли ва шарқий соҳилларидаги порт инфратузилмасидан фойдаланишни кўриб чиқилмоқда. Бу эса Россиянинг табиий газига боғланиб қолган альянс мамлакатлари учун қисман рус газини диверсификация қилиш воситасидир. Аммо икки минтақа ўртасидаги масофанинг узоқ эканлиги ташилаётган энергетика ресурсларининг таннархи ошишига олиб келади.
Бундан ташқари, Канада бозори аллақачон Европанинг йирик компаниялари учун кенг майдонга айланган. Европанинг “Airbus” корхонаси Канада ҳаво йўлларидан саккизта A350-1000 самолётига буюртма олган, Канада ҳукумати эса яна тўртта янги A330 танкер самолёти ва бешта конверсия учун 3,6 миллиард Канада доллари, яъни қарийб 2,2 миллиард евро ажратган. Германиянинг “Siemens” компанияси Канададаги сунъий интеллект асосида аккумулятор ишлаб чиқаришни тадқиқ қилувчи марказга беш йил давомида 150 миллион Канада доллари сармоя киритмоқда.
Замонавий қурол-яроғ, ракеталар ва авиация ишлаб чиқариш учун литий, никель, кобальт, графит ва уран каби муҳим минераллар ва нодир металлар зарур. Канада ЕИга Хитой ва Россия таъсиридан холи бўлган, хавфсиз ва барқарор хомашё таъминотини таклиф қила олади.
Манфаатлар фақат ЕИга йўналмаган, албатта. Канада учун 450 миллиондан ортиқ бой истеъмолчига эга альянснинг умумий бозори катта имкониятлар яратади. Шунингдек, иттифоқ Канадага Технологик Альянс доирасида сунъий интеллект, квант ҳисоблаш, киберхавфсизлик ва ярим ўтказгичлар чиплари соҳасида биргаликда тадқиқот ва ишланмаларни молиялаштиришни таклиф қилмоқда.
Аммо Оттава ва альянс ўртасида ҳамкорлик аллақачон яхшигина ривожланган. 2016 йил 30 октябрда имзоланган CETAдан (Ҳар томонлама иқтисодий ва савдо битими) сўнг, ўзаро божлар ҳам пасайтирилган, инвестициялар алмашинуви бошланган эди. Канада ва ЕИ ўртасидаги товар ва хизматлар савдоси 2016 йилдан бери 81 фоиздан кўпроқ ошиб, 2025 йилда 130 миллиард евродан ортди. Фақат Европанинг Канадага экспорти 48,9 миллиард евро товар ва 29,4 миллиард евро хизматни ташкил этди. Германия Канадaга қарийб 12 миллиард евролик, Италия 6,3 миллиард, Франция эса 4,4 миллиард евролик маҳсулот сотди. Юқори талабларга эга ЕИ бозорига Канада маҳсулотларининг кириши учун маҳсулотларни сертификатлаш тартиблари соддалаштирилиши ҳам ўзаро товар айланмаси ҳажмини оширган эди. Бир сўз билан айтганда, икки томон аллақачон кенг иқтисодий ҳамкорликни ўрнатган эди.
Шу нуқтада “ассоциациялашган аъзолик”нинг CETAдан фарқи нима, деган савол пайдо бўлади. Гарчи янги мақомнинг аниқ ҳуқуқий нормалари ҳали келишилмаган бўлса-да, мутахассислар фикрича, CETA асосан савдо тўсиқларини камайтирган бўлиб қолади, янги формат эса савдо билан чекланмай, навбатдаги босқичда давлат харидлари, инвестициялар, рақамли савдо, технологиялар, стратегик минераллар, энергетика, мудофаа ва стандартларни яқинлаштириш ҳақида бўлиши кутилмоқда.
Қисқаси, Канада Европага хомашё, энергия, Шимолий Америкадаги ишлаб чиқариш майдони ва стратегик имкониятларни таклиф қилмоқда. Европа эса Канада учун технология, капитал, бозор ва саноат кооперациясини олиб келиши мумкин.
Live
Барчаси