АҚШдаги университетда оммавий отишма юз берди. Қурбон бор
Олам
−
11 Ноябрь
5045Кеча, 10 ноябрь куни АҚШнинг Алабама штатидаги Таскиги университети кампусида отишма содир бўлди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, яна 16 киши яраланди. Бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таяниб, CNN хабар берди.
“Махсус агентлар Таскиги шаҳри Мейкон округидаги Таскиги университети кампусида бир неча киши ўқдан жароҳат олгани ҳақида хабар олди. 18 ёшли йигит воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳодиса давомида жами 16 киши жароҳатланган”, дейилади Алабама ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хабарида.
Қайд этилишича, жароҳатланганлардан 12 нафари шифохонага етказилган, яна тўрт киши енгил жароҳат олган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари кейинчалик ҳодиса жойидан пулемёт топган. Отишмани уюштиришда гумонланган 25 ёшли эркак қўлга олинган. У отишма содир этилган қурол эгаси сифатида айбланмоқда. Эркакнинг қаерда сақланаётгани ва ҳозирда адвокати бор-йўқлиги номаълум.
Маълумотларга кўра, бу АҚШда 2024 йил бошидан бери қайд этилган камида 454 оммавий отишмадан бири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексиканинг Керетаро шаҳридаги Los Cantaritos барида тўрт киши мижозга қарата ўт очиши оқибатида камида 10 киши қурбон бўлган эди.