АҚШда яна бир самолёт ҳалокатга учради
Олам
−
01 Февраль
14198Кеча, 31 январь куни АҚШнинг Филадельфия шаҳрида ичида 6 нафар йўловчиси бўлган самолёт ҳалокатга учради. Бу ҳақда “6abc Philadelphia” нашри хабар берди.
Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси маълумотларига кўра, авиаҳалокат маҳаллий вақт билан тахминан 18:30 да содир бўлган. Самолёт Филадельфиянинг шимолий-шарқий аэропортидан ҳавога кўтарилиб, Миссури штатидаги Спрингфилд-Брансон аэропортига йўл олган. У кўтарилганидан 30 сония ўтиб, радар экранларидан ғойиб бўлган. Ўша пайтда ҳаво кемаси 1600 фут (487 метр) баландликда бўлган.
Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси ва Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) ушбу ҳодиса бўйича тергов олиб борилишини маълум қилди.
Ҳалокатга учраган самолёт бортида камида олти киши бўлган. Улар орасида икки учувчи, икки шифокор, бемор ва унинг бир қариндоши бўлган. Уларнинг тақдири ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.
“Action News” хабарига кўра, самолёт қулаган ҳудуд яқин атрофидаги яна бир неча киши турли хил куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Темпль университети шифохонаси “ABC News”га ҳалокатда жабрланган олти нафар беморни қабул қилганини айтган, аммо улар самолётда ёки ерда бўлгани аниқ эмас.
Шифохона маълумотларига кўра, ушбу беморларнинг уч нафари даволаниб, уйига кетишига рухсат берилган ва яна уч нафари қониқарли ҳолатда шифохонага ётқизилган.
Мутахассислар самолёт қулашининг сабабларини ҳали аниқламаган. Пенсильвания штати губернатори Жош Шапиро ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифасида ушбу авиаҳалокат ҳақида хабардор эканини ва қутқарувчиларга барча зарур ресурслар ажратилаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вашингтонда йўловчи самолёти вертолёт билан тўқнашиб, қулаб тушганди. Қулаб тушган самолёт бортида 60 нафар йўловчи бўлган. Кейинчалик компания экипаж таркибида ҳам тўрт киши бўлганини маълум қилган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга таъзия мактуби йўллаган.
LiveБарчаси
Тренддагилар




