АҚШда “Штатлар иттифоқи”ни тузиш таклиф қилинди. Техас мустақиллик сўрамоқда
Олам
−
12 Декабрь 2020
6547Техас Республикачилар партиясининг раиси Аллен Уэст АҚШ Олий судининг 3 ноябрдаги сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги даъвони рад этиш тўғрисидаги қарорига жавобан Америка конституцияси тамойилларига амал қиладиган “Штатлар иттифоқи”ни тузишни таклиф қилди. Унинг баёноти жума куни партиянинг расмий сайтида эълон қилинди.
Унга кўра, Техаснинг Жоржия, Мичиган, Пенсильвания ва Висконсин штатларига қарши даъвосини рад этган Олий суд қарори баъзи штатларга Америка Конституциясини бузиш ва бу учун жавобгар бўлмаслик имконини берадиган хавфли преседенцияни белгилаб берди.
“Олий суд 17 штат ва 106 нафар АҚШ конгрессмени томонидан қўллаб-қувватланган даъвони рад этиб, ҳар қандай штат Конституцияга хилоф ҳаракатлар қилиши ва ўз сайлов қонунчилигини бузиши мумкин деган қарор чиқарди. Ушбу қарор конституциявий республикамизнинг келажаги учун жуда катта таъсирга эга бўлади. Эҳтимол, қонунга бўйсунадиган штатлар бирлашиб, Конституцияга риоя қиладиган штатлар иттифоқини тузишлари керак”, дейилади баёнотда.
Техас Республикачилар партияси раҳбарининг сўзлари аллақачон жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларида турли хил муносабатларга сабаб бўлган. Масалан, CNN телеканалининг Оқ уйдаги мухбири Жим Акоста Уэстнинг баёнотини АҚШдан ажралиб чиқиш ғоясини қўзғатиш, дея изоҳлади. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ушбу ғояни фуқаролар уруши (1861-1865) даврида жанубий штатларнинг Қўшма Штатлардан ажралиб чиқиши билан таққослаб, республикачининг баёнотини фаол муҳокама қилмоқда.
Шу ҳафта бошида Техас штатидан республикачи Кайл Бидерман АҚШдан ажралиб чиқиш учун референдум ўтказиш ғоясини илгари сурди.
“Федерал ҳукумат назоратдан ташқарида ва техасликларнинг қадриятларига мос эмас. Шу сабабли, мен ушбу [Қонунчилик палатаси] сессияда Техас штатига ўз мақомини мустақил давлат сифатида тиклаши учун овоз бериш ҳуқуқини берадиган қонун лойиҳасини олиб кираман”, деб ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.
Маълумот ўрнида, Техас 1836 йилдан 1845 йилгача, Мексикадан ажралиб чиққанидан ва АҚШга қўшилишидан олдин мустақил Техас Республикаси шаклида мавжуд бўлган.
LiveБарчаси