АҚШда мия чипларини инсонларда синаб кўришга рухсат берилди 

Олам

image

Американинг “Synchron” стартапи АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасидан мияга ўрнатиладиган чипни инсонларда синовдан ўтказиш учун рухсат олди. Бу ҳақда “Daily Advent” нашри хабар берган.  

Таъкидланишича, инсон миясига ўрнатиладиган чипнинг клиник синовлари фалаж одамларга электрон қурилмаларни онг билан бошқаришга имкон беради. 

“Компания тижорат маҳсулотини одамларнинг бошларида синаб кўриш учун меъёрий рухсатни олди”, деган “Synchron” бош шифокори ва Нью-Йоркдаги Mount Sinai Health System’нинг нейрохирургия профессори доктор Жей Мокко. 

Қайд этилишича, компания Stentrode деб номланган чипларни таклиф қилади, улар бўйиннинг пастки қисмидаги қон томирлари орқали мияга ўрнатилади. Жараён юракка стент қўйишга ўхшайди. Ушбу нейрочиплардан фойдаланиш жарроҳлик амалиётини талаб қилмайди. 

“Synchron” ўз қурилмасини биринчи марта 2016 йилда тақдим этган. Стартап Австралиядаги тўрт кишида нейрочипни муваффақиятли синовдан ўтказган. Тажриба давомида иштирокчилар онлайн харид қилган, ижтимоий тармоқларда хат ёзган ва онг кучидан фойдаланиб електрон почта хабарларини юборган. Барча иштирокчилар фалаж одамлар бўлган. 

Агар тадқиқот муваффақиятли бўлса, “Synchron” кўп йиллик тасдиқлаш жараёнининг кейинги босқичига ўтиши мумкин бўлади. Мокко “Synchron” қурилмаси бозорга тахминан 3-5 йил ичида чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, “Synchron” чипни маймун миясига муваффақиятли ўрнатган Илон Маскнинг Neuralink компаниясидан олдинроқ рухсат олишга муваффақ бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида миллиардер Илон Маск томонидан асос солинган Американинг Neuralink компанияси маймунни муваффақиятли равишда чиплаштириб, уни видеоўйинлар ўйнашга ўргатганди. 

Маълумот учун, мияга ўрнатиладиган чиплар орқали масофадан туриб фикрни узатиш, сунъий онг орқали мия фаолиятини бошқариш, мия орқали компьютердан фойдаланиш, чип орқали миядаги маълумотларни ўқиш ва унга юклаш имкониятлари мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ чип

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг