АҚШда дунёдаги энг қудратли наркобаронлардан бири қўлга олинди

Олам

image

Дунёнинг энг қудратли наркобаронларидан бири, Мексиканинг “Синалоа” картели раҳбари, “Эл Маё” лақаби билан танилган Исмаэль Замбада кеча, 25 июль куни АҚШ федерал агентлари томонидан Техас штатининг Эль-Пасо шаҳрида ҳибсга олинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.

76 ёшли Замбада билан бирга жиноий ташкилот асосчиларидан бири, ҳозирда АҚШ қамоқхонасида ўтирган Хоакин “Эл Чапо” Гусманнинг ўғли Хоакин Гусман Лопес ҳам ҳибсга олинган. “The Wall Street Journal” газетаси наркобаронларнинг қўлга олиниши борасида ёзар экан, Замбада ички хавфсизлик бўйича тергов ва Федерал қидирув бюросининг бир неча ой давом этган операциясидан сўнг, “Синалоа”нинг юқори мартабали аъзоси томонидан самолётга алдаб чиқарилганини баён қилди. Америка нашрлари ушбу операция Оқ уй раҳбари Жо Байден маъмурияти даврида амалга оширилган энг катта операциялардан бири эканлигини ёзмоқда.

BBC эса Замбада жорий йилнинг февраль ойида АҚШ прокуратураси томонидан героиндан кучлироқ дори бўлган фентанилни ишлаб чиқариш ва тарқатиш фитнасида айбланганини ёзди.

АҚШ Бош прокурори Меррик Гарланд ўзининг ёзма баёнотида бу икки шахс дунёдаги энг зўравон ва кучли гиёҳванд моддалар савдосини юритадиган ташкилотларидан бирини бошқаришини айтди.

“Фентанил мамлакатимиз дуч келган энг ҳалокатли гиёҳвандлик таҳдиди ҳисобланади ва Адлия департаменти ҳар бир картель раҳбари, уларнинг аъзоси ва ҳамжамиятимизни заҳарлашга интилганларни жавобгарликка тортмагунча тинчимайди”, дея қўшимча қилди у.

АҚШда бир қатор давлат айбловчиларининг таъкидлашича, “Синалоа” картели АҚШга энг йирик гиёҳвандлик моддалари етказиб берувчи ҳисобланади. Расмийлар аввалроқ фентанил 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган америкаликлар ўлимининг асосий сабаби эканлигини таъкидлаган эди.

“Иккала шахс ҳам Қўшма Штатларда картелнинг жиноий операцияларига, жумладан унинг ҳалокатли фентанил ишлаб чиқариш ва савдо тармоқларига раҳбарлик қилгани учун бир нечта айбловларга дуч келмоқда”, дейилади Адлия вазирлиги баёнотида.

АҚШ давлат департаменти маълумотларига кўра, Замбада Мексикадаги бир қанча корхоналар, жумладан, йирик сут компанияси, автобус линияси ва меҳмонхона, кўчмас мулк активларининг эгасидир. У, шунингдек, қотиллик, одам ўғирлаш, гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда уюшган жиноятчилик билан ҳам айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дубай полицияси Европага ноқонуний равишда миллионлаб долларлик гиёҳванд моддаларни олиб кирган, 10 йилдан буён қидирувда бўлган “Арвоҳ” лақабли франциялик наркобарон Муфид Бушибини ҳибсга олганди. Шунингдек, Колумбия полицияси армия ва авиация билан биргаликда мамлакатдаги энг йирик наркокартел “Кўрфаз клани” раҳбари ҳисобланмиш Отониэль лақабли Дайро Антонио Усугуни қўлга олгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жо Байден Синалоа Исмаэль Замбада Эл Маё Эль-Пасо шаҳри Хоакин Гусман Лопес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг