“Уни фақат Пабло Эскобар билан тенглаштириш мумкин”. Колумбияда “гигант” наркобарон қўлга тушди
Олам
−
24 Октябрь 2021
10003Колумбия полицияси армия ва авиация билан биргаликда мамлакатдаги энг йирик наркокартел “Кўрфаз клани” раҳбари ҳисобланмиш Отониэль лақабли Дайро Антонио Усугуни қўлга олди. Наркобароннинг қўлга олингани ҳақида Колумбия Президенти Иван Дуке видеомурожаат орқали эълон қилди, дея хабар берди BBC News.
“Бу ушбу асрда мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдосига берилган энг жиддий зарба бўлди. Бу зарбани фақат 1990-йилларда [наркобарон] Пабло Эскобарнинг қулаши билан солиштириш мумкин”, дейди Колумбия Президенти.
Қайд этилишича, 50 ёшли Дайро Усугу Колумбия шимоли-ғарбий қисмида, Панама чегараси яқинидаги Антьокия бўлимида қўлга олинган. Ҳибсга олиш пайтида бир полициячи ҳалок бўлган.
Хабарга кўра, Колумбия ҳукумати “Кўрфаз клани”ни мамлакатдаги энг қудратли жиноий тўда, деб ҳисоблайди. АҚШ расмийлари эса уни “яхши қуролланган ва ўта шафқатсиз”, деб таърифлаган. Гуруҳ гиёҳванд моддалар ва одам контрабандаси, ноқонуний олтин қазиб олиш ва товламачилик билан шуғулланган. Клан Колумбиядан йўлга чиққан наркотик савдоси бўйича кўплаб халқаро экспорт йўналишларини, жумладан, АҚШ ва Россияга борадиган йўлларни ҳам назорат қилади.
Дайро Усугу Колумбияда энг кўп қидирилган наркобарон ҳисобланарди. Маҳаллий ҳокимият унинг жойлашуви ҳақидаги маълумот учун 800 минг доллар мукофот ваъда қилганди ҳам, Қўшма Штатлар эса 5 миллион доллар мукофот тайинлаганди. Қўлга олинган наркобарон АҚШга экстрадиция қилиниши мумкин.
LiveБарчаси