АҚШда 15 йилдан бери илк бор маҳкум отиб ўлдирилади
Олам
−
24 Февраль
6901Американинг Жанубий Каролина штатида ўлим жазосига ҳукм қилинган Бред Сигмон ўз қатлини отиб ўлдириш усули билан амалга оширишни сўради. Бу усул мамлакатда 15 йилдан буён қўлланилмаган. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, Сигмоннинг қатл санаси 7 мартга белгиланган. 21 февраль куни у Жанубий Каролина штатида биринчи бўлиб отиб ўлдириш усулини танлаган маҳкум бўлди. Аввалги вариантлар – ўлим инъекцияси ёки электр стули эди. Сигмоннинг адвокати иккала усулни ҳам “ваҳший” деб атаган.
AP маълумотларига кўра, 1976 йилдан буён АҚШда атиги уч маҳкум отиб ўлдириш йўли билан қатл этилган. Барча қатл ҳолатлари Юта штатида амалга оширилган, охиргиси 2010 йилда бўлган.
Сигмон 67 ёшда. У 2001 йилда собиқ маъшуқасининг ота-онасини бейсбол таёқчаси билан ўлдиргани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган. Тергов маълумотларига кўра, қотилликдан сўнг у собиқ севгилисини қурол билан қўрқитиб ўғирлаб кетган, бироқ қиз қочиб қутулган. Прокурорларнинг фикрича, Сигмон қочаётган қизга ўқ узган, аммо нишонга тегмаган.
Шундай қилиб, Сигмон АҚШда 1976 йилдан буён Жанубий Каролинада қатл этилган 46 маҳбус ичида энг ёши улуғи бўлиши мумкин. У ҳали ҳам губернаторга мурожаат қилиб, ўлим жазосини умрбод қамоқ билан алмаштириш имкониятига эга. Адвокатлари Сигмоннинг қамоқхонадаги намунали хулқ-атвори ҳақида маълумот берган.
Маълумот учун, 2021 йилнинг июль ойида АҚШда федерал даражада ўлим жазоларини ижро этишга мораторий эълон қилинган. Бироқ уни қўллаш штатларга боғлиқ. 2024 йил ҳолатига кўра, 27 штатда ўлим жазоси амалда, 23 штат уни бекор қилган, 3 штатда (Калифорния, Орегон, Пенсильвания) мораторий амал қилади (жазога ҳукм қилинади, лекин ижро этилмайди).
Мораторийни ўша вақтдаги Бош прокурор Меррик Гарланд Жо Байден президентлиги даврида жорий қилган эди. CNN маълумотларига кўра, Трампнинг биринчи президентлик муддати (2017 йил январидан 2021 йил январигача) олдидан федерал ҳукумат ўлим жазоларини жуда кам ҳолларда амалга оширган. 2003 йилдан 2020 йилгача федерал даражада норасмий мораторий амал қилган. Аммо 2020 йилда федерал ҳукумат томонидан ўн киши қатл этилган, бу 1896 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Бу кўрсаткич ўша йили АҚШнинг барча штатларидаги ўлим жазоларининг ижроси сонидан ҳам кўп бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил АҚШда 70 йил ичида биринчи марта аёл киши қатл этилган эди. Лизу Монтгомери исмли аёл 2004 йилда ҳомиладор аёлни ваҳшиёна ўлдирганликда айбдор деб топилган. Қатл Терре-Хот қамоқхонасида ўлдирувчи инъекция йўли билан амалга оширилган.