АҚШ ва “Толибон” ўртасида махфий келишув бўлганми?

Олам 2941
image

АҚШ ва "Толибон" ўртасида музокаралар давомида яна икки махфий ҳужжат имзоланган. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео маълум қилди.

Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов эса АҚШ ва "Толибон" ўртасида ҳеч қандай махфий битимлар ёки протоколлар йўқлигига ишонишини айтмоқда.

"Сулҳ имзоланиши арафасида мен АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан гаплашдим. У ҳеч қандай махфий битимлар йўқлигини айтиб, қасам ичди. Шунингдек, "Толибон" вакили ҳам менга бундай битимлар йўқлигини тасдиқлади", деди Кабулов матбуот анжуманида.

Бироқ унинг сўзларига кўра, Америка томонининг "ҳарбий жиҳатларга тегишли баъзи махфий дастурлар ҳанузгача мавжуд", деган баёноти бироз хавотирли. Кабуловнинг таъкидлашича, бу битимлар АҚШ ва НАТО ҳарбий хизматчиларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетилишига боғлиқ бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 29 февраль куни "Толибон" ҳаракати АҚШ билан тинчлик шартномасини имзолади. Шартномага биноан АҚШ ва НАТО кучлари 14 ой давомида ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишлари керак. Шу вақт давомида “Толибон” мамлакатда турли хунрезликлардан ўзини тийиши лозим. Шунингдек, шартномада 2020 йилнинг 10 март кунигача маҳбуслар алмашинуви кўзда тутилган. Аммо Афғонистон Президенти Ашраф Ғани "Толибон" маҳбусларини озод қилишни рад этмоқда.

Нуруллоҳ Шарипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×