АҚШ ва Исроилнинг Ғазога оид режалари маълум бўлди
Олам
−
01 Ноябрь 2023
19146АҚШ ва Исроил расмийлари ҲАМАС билан уруш ўзларининг фойдасига ҳал бўлган тақдирда, Ғазога халқаро тинчликпарвар кучларни киритмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Исроил қуруқликдаги ҳужумини кучайтирар экан, Вашингтон анклавнинг келажаги бўйича вариантларни ўрганяпти. Жумладан:
- Яқин Шарқ минтақасидаги мамлакатларга анклав устидан вақтинчалик назоратни бериш. Ғазо секторида АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия қўшинларини киритиш, шу билан бирга, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларининг иштироки ҳам маъқулланяпти.
- 1979 йилги Исроил-Миср тинчлик шартномаси (Кемп Девид келишувлари) амалга оширилишини назорат қилувчи миссия бўлган Синай ярим оролидаги кўп миллатли кучлар ва кузатувчиларга ўхшаш секторда тинчликпарвар кучлар фаолият юритади. Айни пайтда Исроил бу ғояга мойилроқ бўлиб турибди.
- Ғазо секторини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида вақтинчалик бошқариш. Нашрга кўра, Исроилга бу таклиф унчалик ёқмаяпти.
Расмийлар музокаралар ҳали бошланғич босқичда эканини айтаётган бўлса-да, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен қонунчиларга изоҳида Вашингтон режалаштиришда "чуқур" иштирок этаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг Жабалияга ҳужуми оқибатида юзлаб фаластинлик ҳалок бўлганди.