АҚШ ва Буюк Британия Хитойни киберҳужумда айбламоқда
Олам
−
26 Март
2425АҚШ ва Буюк Британия Хитойнинг APT31 хакерлар гуруҳини сиёсий арбобларга қарши кибержосусликда айблади. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири ўринбосари Оливер Доуден парламентнинг Жамоатчилик палатасида маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳужумлар оқибатида Сайлов комиссияси ва Британия парламенти аъзоларининг ҳисоблари бузиб кирилган. Бош вазир ўринбосари содир бўлган киберҳужум учун жавобгарликни Хитойга алоқадор бўлган икки компанияга юклади.
Британия ҳукумати баёнотида айтилишича, GCHQ (Британия алоқа штаб-квартираси) разведка агентлиги 2021 ва 2022 йиллар оралиғида Буюк Британия сайлов комиссияси тизими Хитой хакерлари томонидан бузиб кирилгани эҳтимоли юқори деб баҳолаган, шунингдек, APT31 Хитой хакерлик компанияси 2021 йилда Буюк Британия парламенти ва унинг аъзоларига нисбатан қарши разведка фаолиятини олиб борган.
Буюк Британия Хитойда яшовчи икки шахсга, шунингдек, APT31 билан алоқадор ташкилотга нисбатан санкция қўйган. Британия расмийлари яқин кунларда Хитой элчисини чақириб, мамлакатининг хатти-ҳаракатларини тушунтиришини ҳам талаб қилди.
Бундан ташқари, АҚШ киберҳужумдан сўнг Wuhan Xiaoruizhi фан ва технология компаниясига нисбатан санкция жорий қилган. Шу билан бирга, Uxan компанияси билан алоқаси бўлган икки Хитой фуқароси - Чжао Гуангзонг ва Ни Гаобингнинг исмлари эълон қилинди. Улар АҚШ департаментнинг муҳим инфратузилма тармоқлари, жумладан, мудофаа, аэрокосмик ва энергетикага қаратилган транзаксиялар учун жавобгар экани айтилмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги қўшимча равишда Чжао, Ни ва яна беш хакерни фитна уюштирганликда айблади. Билдирилишича, бу одамлар Хитойда жойлашган APT31 хакерлик гуруҳининг бир қисми бўлиб, улар Оқ уй ходимлари, АҚШ сенаторлари ва Пекинни танқид қилувчи ҳукумат амалдорларига киберҳужумлар уюштирган.
Маълумот учун, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жиан қўйилган айбловларни рад этиб, мамлакатлар ўз даъволарини фактик далиллар билан асослашини ва уларсиз бошқаларга туҳмат қилмасликлари кераклигини айтган.
"Киберҳужумнинг келиб чиқиши мураккаб ва нозик. Хитой барча томонлар ёлғон маълумот тарқатишни бас қилишига умид қилмоқда", дейди у.
Райҳона Улканбаева
LiveБарчаси