АҚШ ва Ҳиндистон барча террорчи гуруҳларга қарши биргаликда чора кўрмоқчи
Олам
−
25 Сентябрь 2021
5130АҚШ Президенти Жо Байден ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Америка пойтахтида бўлиб ўтган учрашувда мудофаа саноати соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори бўлди. Бу ҳақда Оқ уй баёнотида айтилган.
Ҳужжатда таъкидланишича, Америка раҳбари мамлакатлар ўртасидаги мудофаа соҳасидаги алоқалар мустаҳкамлигини тасдиқлаган ва илғор ҳарбий технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятини билдирган.
“Лидерлар саноатни илгари суриш бўйича ҳамкорликнинг чуқурлашаётганини олқишлади. Шу нуқтаи назардан, улар яқинда мудофаа технологиялари ва савдо ташаббуси доирасида ҳаво дронларини биргаликда ишлаб чиқиш лойиҳасини қайд этди ва бундай саъй-ҳаракатларни кучайтириш тарафдори бўлди”, дейилган Оқ уй хабарида.
Ҳужжатда, шунингдек Америка Қўшма Штатлари ва Ҳиндистон “халқаро терроризмга қарши биргаликда курашаётгани” ва “барча террорчи гуруҳларга қарши биргаликда чора кўриши” таъкидланган.
Таъкидланишича, Байден ва Моди терроризмга қарши курашда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори. Улар АҚШ ва Ҳиндистон Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари учрашувини “шу йилнинг охирида ўтказиш” режасини олқишлаган.
Ҳужжатда Америка Қўшма Штатлари ва Ҳиндистон “тоза энергетикани ривожлантиришни тезлаштириш ва тоза энергетикага ўтишни енгиллаштириш учун муҳим технологияларни жорий этиши” қайд этилган.