АҚШ Украинага Трамп давридаги илк ҳарбий ёрдамни маъқуллади

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти НАТО иттифоқчилари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги молиялаштириш механизми доирасида Украинага ҳарбий ёрдам етказиб беришни маъқуллади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Нашрга кўра, ёрдамнинг умумий қиймати 500 миллион долларни ташкил этади ва у яқин кунларда юборилиши мумкин.

Қарор АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбридж Колби томонидан Priority Ukraine Requirements List (PURL) ташаббуси асосида тасдиқланди. Ушбу механизм Украинага қурол-яроғ бўйича эҳтиёжлар рўйхатини шакллантириш ва уни НАТО иттифоқчиларига тақдим этиш имконини беради. Кейин давлатлар махсус ҳисобга маблағ ўтказиб, қурол-аслаҳани тўғридан тўғри АҚШдан сотиб олади.

Бу Трампнинг Оқ уйга қайтганидан кейинги Украина учун ажратган биринчи ҳарбий ёрдам пакети ҳисобланади.

АҚШ Молия вазири Скотт Бессантнинг сўзларига кўра, Вашингтон Европага Киевга юбориладиган қуролларни 10 фоиз устама нарх билан сотмоқда. Таъкидланишича, бу маблағлар Украинага келажакдаги хавфсизлик кафолатлари доирасида ҳаво мудофаасини молиялаштириш учун ишлатилади.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Европа давлатларидан ҳар ой 1 миллиард доллар миқдорда бадал кутилаётганини айтган. Президентнинг айтишича, қаршиликни давом эттириш учун маблағлар Украинага “сув ва ҳаво”дек зарур. 

Президентга кўра, шу кунга қадар PURL орқали 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилинган. Дастурда Нидерландия, Дания, Швеция, Германия, Бельгия ва бошқа НАТО давлатлари иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазири Денис Шмигаль Украинадаги можаро давом этса, Киевга 2026 йилда ҳарбий харажатларга камида 120 млрд доллар керак бўлиши ҳақида айтганди. Унинг сўзларига кўра, уруш тугаган тақдирда ҳам, мамлакатга бундан унчалик кам бўлмаган маблағ зарур бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Дональд Трамп Украина PURL

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг