АҚШ Украина учун муҳим қуроллар таъминотини тўхтатди
Олам
−
02 Июль 4718 2 дақиқа
АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) мамлакат Қуролли кучлари захиралари билан боғлиқ хавотирлар туфайли Украинага ракета ва ўқ-дорилар партиясини юборишни тўхтатган. Бу ҳақда Оқ уйга таяниб, NBC News хабар берди.
Телеканал маълумотига кўра, АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет бир неча ҳафта аввал АҚШ Қуролли кучлари ўқ-дорилари захирасини текшириш бўйича меморандум эълон қилганидан сўнг, Украинага мўлжалланган қурол партиясини юборишни тўхтатиш бўйича буйруқ берган.
Хабарда айтилишича, Украина уруши ва Яқин Шарқдаги можаролар фонида АҚШ армиясининг ўқ-дорилар захираси сезиларли даражада камайган. Мудофаа вазирлигининг икки расмийси ва Конгрессдаги икки вакилга кўра, баҳолаш якунига етгунича ўқ-дорилар ва бошқа қуроллар етказиб берилиши вақтинча тўхтатилади. Агар захираларда жиддий танқислик аниқланса, етказиб бериш муддати кейинга сурилиши мумкин.
Пентагондаги манбалар NBC News’га Украинага юборилиши тўхтатилган қуроллар рўйхатини тақдим этган. Улар орасида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва фронт учун мўлжалланган воситалар бор:
- Patriot тизимлари учун ракеталар;
- 155 мм ўқ-дорилар (портловчи-фугасли снарядлар);
- 100 та Hellfire ракетаси;
- 250 та юқори аниқликдаги GMLRS ракеталари;
- ўнлаб ер-ҳаво классидаги Stinger ракеталари, ҳаво-ҳаво AIM ракеталари ва гранатомётлар.
Оқ уй вакили Анна Келли қурол етказиб бериш тўхтатилганини тасдиқлаган.
“Бу қарор Мудофаа вазирлиги томонидан АҚШнинг бошқа мамлакатларга кўрсатаётган ҳарбий ёрдами ва қўллаб-қувватлашини қайта кўриб чиқиш доирасида, Американи биринчи ўринга қўйиш учун қабул қилинди”, дейди Келли.
Пентагон эса бу борада изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте Гаагадаги ташкилот етакчиларининг саммити якунида НАТО, шу жумладан, Қўшма Штатлар ҳам Украинани Россия босқинига қарши курашда сақлаб қолишга “тўлиқ содиқ” эканини айтган эди. У НАТОда ҳеч ким Россияга нисбатан соддадил эмаслигини ва альянснинг барча аъзолари Москвага нисбатан “бир хил баҳо беришини” билдирган.