АҚШ Украина учун кафил бўлишга тайёр – музокаралар моҳиятида нима турибди?
Олам
−
10:29 1879 4 дақиқа
АҚШ Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш бўйича музокараларда олға силжиш кузатилаётганини маълум қилар экан, Киевга НАТО услубидаги хавфсизлик кафолатларини тақдим этишни таклиф қилди. Бироқ ҳудудий ён беришлар масаласида келишувга эришилмади. Бу ҳақида “Reuters” ахборот агентлиги хабар берди.
АҚШ расмийларига кўра, Президент Дональд Трамп томонидан юборилган элчилар Берлинда Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокараларда илгари кузатилмаган таклифни ўртага қўйишди, аммо бундай имконият бошқа берилмаслиги мумкинлигини ҳақида огоҳлантиришди.
Германия пойтахтидаги музокаралар Европа етакчиларида Иккинчи жаҳон урушидан бери қитъадаги энг қонли низони тугатиш йўлида умид уйғотди. Шу билан бирга, Москва ҳали Германияда муҳокама қилинган ўзгаришларга розилик билдирмади ва бунга тайёр эканини ҳам кўрсатмади.
“Биз бу ишни якунлашга ҳаракат қиляпмиз. Россия президенти Владимир Путин билан бир неча бор гаплашдик ва менимча, биз ҳеч қачонгидан ҳам яқинмиз. Нима қилиш мумкинлигини кўрамиз”, деди Трамп.
Европа етакчилари Трамп маъмуриятининг Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича ёндашувидаги эҳтимолий ўзгаришни эҳтиёткорлик билан қутлади.
“Уруш бошланганидан бери биринчи марта ўт очишни тўхтатиш эҳтимоли кўзга ташланмоқда”, деб ёзди Германия канцлери Фридрих Мерц X ижтимоий тармоғида.
Польша Бош вазири Дональд Туск Берлинни тарк этар экан: “Бугун биринчи марта ҳамма бир лагердаги иттифоқчилардек ҳаракат қилаётгандек туюлди”, деди. Унинг айтишича, америкалик музокарачилар Россия яна Украинага ҳужум қилса, АҚШнинг жавоби ҳарбий бўлишига шубҳа қолдирмайдиган кафолатлар ҳақида очиқ гапиришган.
Швеция Бош вазири Улф Кристерссон хавфсизлик кафолатлари масаласи “аниқроқ ва ишончлироқ” бўлиб бораётганини айтиб, бу барқарор тинчлик сари муҳим қадам эканини таъкидлади. Бироқ у ҳудудлар ва Россия умуман тинчликни истайдими-йўқми, деган саволлар қолиб кетаётганини қўшимча қилди.
Ҳудудий ён беришлар
Зеленский музокаралардан сўнг, агар Москва муҳокама қилинаётган таклифларни рад этса, АҚШдан Россияга қарши санкцияларни кучайтиришни ва Украинага, жумладан, узоқ масофали қуроллар беришни сўрашини айтди. У Рождество байрамлари даврида, айниқса энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиш бўйича ўт очишни тўхтатиш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Масалага яқин манбага кўра, АҚШ Украинадан Донецк вилоятининг шарқий қисмидаги қўшинларини олиб чиқишни талаб қилмоқда. Бу Украина ичида кучли қаршиликка сабаб бўлиши мумкин бўлган катта ён бериш ҳисобланади.
Зеленский ҳудудий ён беришларни “оғриқли” деб атаб, Украина Донбассни Россияники сифатида “де-юре ҳам, де-факто ҳам” тан олмаслигини яна бир бор таъкидлади.
НАТО услубидаги кафолатлар
Берлинда Зеленский АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф, Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер ҳамда Европа етакчилари билан музокаралар олиб бормоқда. Киев Трамп томонидан Россияга ён беришга кучли босим остида қолмоқда.
АҚШ расмийларининг айтишича, муҳокама қилинаётган келишувга кўра, Украина НАТО шартномасининг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолатларини олиши мумкин. Бошқа бир расмий Россия Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига қарши эмаслигини, Трамп эса Россиянинг Европада яна ғарбга силжишининг олдини олишни исташини билдирди.
Зеленский хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳужжат муфассал эканини, аммо ҳали иш талаб қилинишини айтди. Яқин кунларда АҚШда ишчи гуруҳлар учрашувлари бўлиши кутилмоқда.
Европанинг бир қатор давлатлари етакчилари қўшма баёнотда АҚШ билан “кучли яқинлашув” борлигини қайд этиб, Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш, Европа етакчилигида тинчликпарвар кучлар жойлаштириш ва Украинага ҳужум қайта такрорланса, куч ишлатиш кафолатларини ўз ичига олган мақсадларни санаб ўтдилар.
14 декабрь куни Украина Ғарб кафолатлари эвазига НАТОга аъзо бўлиш ниятидан воз кечишга тайёр эканини айтган эди. Бироқ Берлиндаги музокаралар Россияни ўт очишни тўхтатишга қай даражада кўндириши ҳали ноаниқ.
Ушбу музокаралар фонида Украина сув дронлари ёрдамида Россия сув ости кемасини чўктириб, денгизда устунликни қўлга киритаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Live
Барчаси