АҚШ Россияни Украина ҳужумидан “қутқариб қолгани” маълум бўлди
Олам
−
25 Апрель 2023
21910Украина шу йилнинг февраль ойида Россия босқинининг бир йиллиги муносабати билан унга кенг миқёсда зарба беришни режалаштирган. Бироқ АҚШнинг буйруғига кўра, ҳужум бекор қилинган. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг махфий ҳисоботига кўра, Украина ҳарбий разведка хизмати бошлиғи Кирилл Буданов Россиянинг Украинага ҳужумининг бир йиллигига бир неча кун қолганида офицерларидан бирига 24 февраль куни ҳарбий разведка хизматида бор барча воситалар билан Россияга кенг миқёсда зарба беришни буюрган. Ушбу қарор Вашингтонни “асабийлаштирган”.
Расмийлар, ҳаттоки, Россиянинг Қора денгиз порт шаҳри Новороссийскка ҳам ҳарбий кемалар орқали зарба беришни режалаштирган. Вашингтон эса Украинанинг режаларини яширинча кузатган. Оқ Уй узоқ вақт давомида Украинанинг Россия ҳудудига берадиган зарбалари Россиянинг тажовузкор жавобларига сабаб бўлишидан чўчиган.
Шу йилнинг 22 февралида – Украинадаги урушга бир йўл тўлишидан 2 кун аввал Марказий разведка бошқармаси янги ҳисобот эълон қилган. Унда Украина ҳарбий разведка хизмати Вашингтоннинг илтимосига кўра, Москвага ҳужумни кечиктиришга рози бўлгани айтилган.
Бироқ махфий ҳужжатлардан кўринадики, Украина урушни ўз ҳудудидан ташқарида олиб боришга интилишни кучайтирмоқда. АҚШ эса эскалация хавфининг ортиб кетиши оқибатида Россия билан тўғридан-тўғри ҳарбий зиддиятлардан қочяпти. АҚШнинг аксар расмийлари Россия шаҳарларида содир бўлаётган кетма-кет портлашлар, дрон ҳужумлари ва бошқа ҳодисаларнинг, айниқса улар Америка Украинага берган воситалар ёрдамида амалга оширилган бўлса, Владимир Путиннинг ҳалокатли жавоби, хусусан, тактик ядровий қуролларнинг ишга туширилишидан чўчимоқда.
Украина қуролли кучларининг 37 ёшли генерали Кирилл Буданов Украинадан ташқарида амалга оширилаётган операциялар ортида унинг ташкилоти – Ҳарбий разведка хизмати турганини тан олмайди. Махфий ҳужжатларнинг далолат беришича, Будановнинг агентлиги, ҳаттоки, Малидаги “Вагнер” ҳарбий гуруҳининг аъзоларига, курдлар ёрдамида Суриядаги Россия кучларига ҳужумлар уюштиришни режалаштирган. Лекин Президент Зеленский уни Суриядаги операцияни амалга оширишдан тўхтатиб қолган.
Бундан ташқари, АҚШ ва Европанинг Украинани ўз ҳудудидан ташқарида олиб борадиган операциялардан тийилиш ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, ўтган йилнинг август ойида Путиннинг тарафдорларидан бири Александр Дугиннинг қизи Дария Дугина отасига аталган тузоққа тушиб, бомба ўрнатилган автомобилда портлаб кетди. Бу ҳам Россиянинг қаттиқ жавоб бериш хавфини оширгани таъкидланган.
АҚШ расмийлари, шунингдек, Украинанинг Россия ичидаги ҳужумлари НАТОни агрессор сифатида кўрсатиш учун сабаб бўлишига ва бу Хитойнинг Россияни қўллашига олиб келишидан ҳам хавотирда. Бунда Хитой Россия ичидаги ҳужумларда Вашингтонни бевосита можарони авж олдирувчи деб ҳисобласа, бу Россияни қуроллантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва коллектив Ғарб Россия билан зиддиятга боришдан чўчиб, Украинага қирувчи самолётлар беришни пайсалга солиб келганди. Бироқ кейинроқ бу сиёсатни ўзгартириб, унга Совет даврида ишлаб чиқарилган МиГ-29 самолётларини беришга рози бўлди.
LiveБарчаси