АҚШ Россияни айнан “Крокус”да теракт бўлишидан огоҳлантирган – WP
Олам
−
03 Апрель
5984“Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин, 6 март куни АҚШ расмийлари Россияни ушбу жой ҳужум учун потенциал нишонга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда АҚШнинг исм-шарифи ошкор қилинмаган икки расмийсига таяниб, “The Washington Post” газетаси хабар берди.
"Юқори даражадаги аниқлик Вашингтоннинг теракт ИШИД томонидан тайёрланаётганига ишончини таъкидлайди. Бу эса Москванинг АҚШ огоҳлантиришлари умумий экани ҳақидаги даъволарига тўғридан-тўғри зид келади ва Россия ҳукумати нега одамларни ҳимоя қилиш учун янада қатъийроқ чоралар кўрмагани ҳақида янги саволлар туғдиради", деб ёзади газета.
Қайд этилишича, Вашингтон мунтазам равишда бошқа давлатлар билан эҳтимолий терактлар ҳақида маълумот алмашиб туради, бироқ расмийлар ва экспертлар аниқ нишонлар ҳақидаги огоҳлантиришни ғайриоддий деб атайди. Уларнинг фикрича, бу Қўшма Штатлар разведка маълумотларини қандай қўлга киритганини ошкор қилиб қўйиши мумкин.
Манбага кўра, Москвада теракт тайёрлаш ҳақидаги маълумотлар Россиядаги америкаликлар учун потенциал хавфни кўрсатган.
Айтилишича, Россия расмийлари, ҳеч бўлмаганда, дастлаб огоҳлантиришни жиддий қабул қилганининг аломатлари бор. Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, АҚШ маълумотида синагогада теракт тайёрланаётгани келтирилган. Эртаси куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати ИШИДнинг Москвадаги синагогага ҳужумининг олди олингани ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 апрель куни Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин АҚШ разведка хизматлари Россияга “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этилиши эҳтимоли ҳақида маълумот юборгани, аммо бу жуда умумий бўлганини айтганди.
LiveБарчаси