АҚШ Россияни ҳам Сан-Францискодаги саммитга таклиф қилди

Олам

image

АҚШ маъмурияти ноябрь ойида Сан-Францискода (Калифорния) бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (APEC) саммитига барча аъзо давлатларини, шу жумладан Россияни ҳам таклиф қилди. Бу ҳақда кеча, 6 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда АҚШнинг APEC’даги юқори мартабали вакили Мэтт Мюррей маълум қилди.

"АҚШ барча иштирокчи иқтисодларни етакчилар учрашувига таклиф қилди", деган у Россия томони саммитга таклиф қилингани ҳақидаги саволга жавобан.

Мюррейнинг қўшимча қилишича, АҚШ APEC руҳи ва тамойилларига ҳамда Америка қонунларига мувофиқ мезбон сифатида ҳаракат қилиш ниятида.

“АҚШ қонунлари ва қоидаларига келсак, бу санкцияларни ҳисобга олишни ҳам ўз ичига олади. Биз бўлажак APEC саммитида бошқа томонларнинг тегишли вакиллигини муҳокама қилдик”, деган Мюррей.

Қайд этиш жоизки, “The Washington Post” июль ойида Америка расмийларига таяниб, АҚШ маъмурияти Россия Президенти Владимир Путинни Сан-Францискодаги APEC саммитига таклиф қилмасликка қарор қилганини ёзган. Газетанинг қўшимча қилишича, Оқ уй Гонконг штаби раҳбари Жон Лининг ҳам саммитдаги иштирокини ёқламаган. Вашингтон аввалроқ унга ва бошқа баъзи Хитой расмийларига қарши санкциялар киритган.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу вазиятни шарҳлар экан, Кремль Путиннинг APEC саммитига таклифини кутмаслигини айтган. У Москванинг Сан-Францискодаги APEC саммитидаги иштироки формати ўз вақтида маълум бўлишини таъкидлаган.

Маълумот учун, APEC саммити 15-17 ноябрь кунлари Сан-Францискода бўлиб ўтади. APEC таркибига 19 та давлат ва 2 та ҳудуд киради. Улар орасида Австралия, Бруней, Индонезия, Канада, Малайзия, Янги Зеландия, Сингапур, АҚШ, Таиланд, Филиппин, Жанубий Корея ва Япония, шунингдек, ХХР (1991 йилда қўшилган), Мексика ва Папуа-Янги Гвинея (1993), Чили (1994), Россия, Вьетнам ва Перу (1998) ҳам бор. 1991 йилда Гонконг ва Тайвань ҳам APEC’га қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги икки давлат расмийлари ноябрь ойида APEC саммити бўлиб ўтиши кутилаётган Сан-Францискода Хитой Раиси Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Жо Байден ўртасидаги учрашувга тайёргарлик кўраётганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия APEC

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made