АҚШ Россияда қамалган баскетболчини қайтариш учун курашади – Харрис

Спорт

image

Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Россияда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер тезроқ қайтариш учун барча имкониятларни ишга солади. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Камала Харрис SBS телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

“Биз Грайнерни тезроқ уйга қайтариш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”, деган Камала Харрис.

Грайнерни Америкадаги рус маҳбусларидан бирига алмаштириш мумкинми қабилидаги саволга жавобан Харрис хоним бу борадаги тафсилотларни очиқлай олмаслигини таъкидлаган.

“Биз буни жуда жиддий қабул қиламиз, буни аниқ айтдик. Бриттни Грайнер ва бошқа мамлакатларда ноқонуний ҳибсга олинган америкаликларнинг қайтиши биз учун энг муҳим вазифадир. Мен сизлар билан бу борада (Грайнерни Америкадаги маҳбуслардан бирига алмаштириш) гаплаша олмайман. Ҳозирча, тафсилотлар парда ортида қолгани маъқул. Лекин мен сизга шуни  айта оламанки, чет мамлакатларда қамоқда сақланаётган америкаликларни ортга қайтариш энг муҳим мақсадларимиздан биридир”, деган вице-президент.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июль куни Бриттни Грайнер ёрдам сўраб, Президент Жо Байденга мактуб ёзганди. Шундан сўнг, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Президентга баскетболчи томонидан ёзилган мактубни ўқиб берганини маълум қилди. Қолаверса, АҚШ Президенти спортчининг турмуш ўртоғи билан билан суҳбатлашиб, Бриттнини уйига қайтариш учун бор имкониятидан фойдаланаётганини айтди. Мана шу воқеаларнинг фонида ўтказилган иккинчи суд мажлисида америкалик баскетболчи ўз айбига иқрор бўлди.

Маълумот ўрнида, Бриттни баскетбол бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси билан биргаликда икки карра Олимпия чемпиони бўлган. У 2015 йилдан бери Россиянинг АГМК баскетбол клубида фаолият юритиб келаётганди. Шунингдек, Грайнер WNBA'нинг энг кучли 25 баскетболчиси рўйхатига киритилган.

Маъруф Абдумаликов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг