АҚШ Россия иштирокисиз Украинадан дон экспорт қилишни режалаштирмоқда – WSJ

Олам

image

Қўшма Штатлар Туркия, Украина ва унинг қўшнилари билан Украина ғалласини Россия иштирокисиз экспорт қилиш учун муқобил йўналишларни топиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” расмийларга таяниб хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ишлаб чиқилаётган режага кўра, шу йилнинг октябрига қадар ҳар ойда Дунай дарёси бўйлаб тўрт миллион тонна дон жўнатиш мумкин бўлади.

Ундан кейин дон Қора денгиз орқали Руминиядаги яқин портларга ўтади ва у ердан бошқа мамлакатларга жўнатилади.

“Гарчи донни экспорт қилишнинг бу усули “дон келишуви” доирасида қўлланиладиган юк ташиш йўлагидан қимматроқ ва узоқроқ бўлсада, лекин энг муқобил чора бўлиши мумкин”, дейилади нашр хабарида.

Газета манбаларидан бирига кўра, Вашингтон бошқа вариантларни, жумладан, Украина портлари билан ишлайдиган кемаларни ҳимоя қилишнинг ҳарбий ечимларини ҳам кўриб чиқмоқда.

“Украинанинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ишлар Туркия ва БМТнинг Россияни Қора денгиз ташаббусини амалга оширишга қайтаришга уринишлари билан параллель равишда олиб борилмоқда”, дея хабар берган нашр манбалари.

Исмини ошкор этмаган дипломатларга кўра, сентябрь ойидаги ғалла йиғимигача Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Москвани шартномани қайта очишга мажбурлаш босими остида қолмоқда.

Европа расмийлари орасидаги газета манбалари, агар муаммо бўлмаса, Европа Иттифоқи Украинага ҳар ойда ўртача 5-5,5 миллион тонна дон экспорт қилишга ёрдам бериши мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Россия томони Қора денгиздаги гуманитар йўлаклар орқали Украина ғалласини хавфсиз экспорт қилиш бўйича келишувни узайтирмаган ва буни Истанбул келишувининг иккинчи қисми бажарилмагани билан изоҳлаганди. Кейинчалик Россия қўшинлари Украина донини экспорт қилиш учун қўлланиладиган Одесса портларига зарба берди  ва оқибатда 60 минг тонна ғалла нобуд бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина дон келишуви

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг