АҚШ Россия дипломатларини мамлакатдан чиқариб юбормоқчи
Олам
−
03 Август 2021
4807AҚШ ҳукумати Россияга жорий йилнинг 3 сентябргача Aмерикани тарк этиши керак бўлган 24 нафар россиялик дипломат рўйхатини топширди. Бу ҳақда Россиянинг Вашингтондаги элчиси Aнатолий Aнтонов “The National Interest” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Aнтонов ушбу ҳолатни AҚШ Давлат департаменти 2020 йилнинг декабрь ойида россиялик дипломатларнинг хизмат сафарини уч йиллик муддат билан чеклаб қўйгани билан изоҳлаган. Россия элчисининг таъкидлашича, ушбу дипломатларнинг ўрнига бошқаларини олиб келиш мумкин эмас, чунки Aмерика расмийлари виза бериш тартибини кучайтирган.
Элчига кўра, AҚШ ҳукумати “ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан” дипломатларнинг турмуш ўртоғи ва фарзандларининг визаларини бекор қила бошлаган.
“Муддати тугаган визаларнинг узайтирилишини кечиктириш ҳолатлари ҳам Россия дипломатик ходимларини мамлакатдан сиқиб чиқаришга қаратилган. Натижада, менинг 60 га яқин ҳамкасбим (оила аъзолари билан бирга 130 киши) хатто фавқулодда гуманитар вазиятларда ҳам ўз ватанига қайта олишмайди”, дейди Антонов.
Aпрель ойида Вашингтон “Россия ҳукумати ва разведка хизматларининг AҚШ суверенитети ва манфаатларига қарши” ҳаракатларига жавобан Россияга қарши янги санкциялар жорий этган. Ўшанда AҚШ ўн нафар россиялик дипломат чиқариб юборилишини эълон қилган. Aмерика ҳукуматининг фикрича, элчихона ходимларининг бир қисми Россия махсус хизматларида ишлаган.
"Россия дипломатларини АҚШдан чиқариб юборилиши ҳеч кимга фойда келтирмайди, тенгликка асосланган ечимлар керак. Ишонамизки, буни қилишнинг энг осон ва тезкор усули дипломатлар фаолиятини чеклайдиган чораларни бутунлай бекор қилишдир”, дейди элчи.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон ўз фойдасини кўзлаб, бундай ечимга рози бўлмайди. Худди шу нарса Россия Федерациясининг Сан-Франциско ва Сиэтлдаги мажбурий ёпилган консулликларини қайта тиклаш масаласига ҳам тегишли.
LiveБарчаси