АҚШ разведка идоралари Путинни Навальнийнинг ўлимига алоқадор эмас деб ҳисоблайди – WSJ

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни ўлдиришга буйруқ бермаган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” манбаларига таяниб, хабар берди.

WSJ ёзганидек, Марказий разведка бошқармаси, АҚШ Миллий разведка директори идораси ва Давлат департаментининг разведка бўлими шундай хулосага келган.

Нашр манбаларига кўра, Америка разведка агентликларининг баҳоси ҳам махфий разведка маълумотларига, ҳам оммага маълум бўлган фактлар, жумладан Алексей Навальнийнинг ўлими вақти ва Владимир Путиннинг сайловолди кампанияси оқибатлари таҳлилига асосланади. Бунда Америка разведка идоралари ўз хулосаларини европалик ҳамкасбларига маълум қилган.

Газета суҳбатдошларига кўра, айрим Европа давлатлари бу маълумотга шубҳа билан қараган.

Алексей Навальнийнинг иттифоқчиси Леонид Волков Америка разведка хизматлари версиясини ақл бовар қилмайдиган деб ҳисоблади.

WSJ'нинг мақоласида таъкидланишича, 2024 йил 9 февралда – Алексей Навальнийнинг ўлимидан бир ҳафта олдин – Германия канцлери Олаф Шольц ва АҚШ Президенти Жо Байден маҳбусларни алмашиш бўйича келишувни муҳокама қилган.

Музокаралар натижасида томонлар Вадим Красиковни Алексей Навальнийга алмаштириш масаласини муҳокама қилишга келишиб олган. 

“Потенциал алмашинув ҳақидаги маълумот Владимир Путинга воситачилар томонидан етказилиши керак эди”, дейилади хабарда.

18 март куни Владимир Путин Алексей Навальнийнинг ўлимидан бир неча кун олдин “баъзи ҳамкасблари” унга мухолифатчини Ғарб мамлакатларидаги маҳбуслар билан алмашиши мумкинлиги ҳақида маълумот берганини тасдиқлаган.

Президентнинг сўзларига кўра, у Навальний Россияга қайтмаслик шарти билан алмашинувга рози бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний жорий йилнинг 16 февраль куни Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғидаги “Қутб бўриси” махсус режимли колониясида ноаниқ шароитда вафот этди. Ўлим ҳисоботида сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этгани айтилади. Мухолифатчи тарафдорлари унинг ўлдирилганига ишонади.

Мухолифатчи 1 март куни Москвадаги Борисов қабристонига дафн этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Алексей Навальний АҚШ разведка идоралари \

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг