АҚШ Олий суди Трампнинг талабини қондирди
Олам
−
05 Март
10528АҚШ Олий суди Колорадо расмийларининг АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга ушбу штатдаги дастлабки сайловларда иштирок этишини тақиқлаган қарорини бекор қилди. Олий суднинг тўққиз нафар судьяси Трампнинг апелляция шикоятини бир овоздан қаноатлантирди. Бу ҳақда кеча, 4 март куни АҚШ Олий суди маълум қилди.
Олий суд қарори Трампнинг бошқа штатлар – Мэн ва Иллинойс штатларидаги бошланғич сайловларда иштирок этишига қўйилган тақиқларга ҳам тегишли. Республикачилар партиясидан ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш учун асосий даъвогар бўлган собиқ президент АҚШ Олий судининг қарорини “Американинг катта ғалабаси” деб атади.
Маълумот учун, Дональд Трамп январь ойи бошида АҚШ Олий судига Колорадо Олий судининг 2023 йил 19 декабрдаги уни 2024 йил 5 мартга белгиланган Республикачилар партиясининг бошланғич сайловидан четлаштириш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилган.
"Колорадо Олий судининг қарори Конституцияга зид равишда Колорадодаги миллионлаб сайловчиларни сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилади ва эҳтимол бутун мамлакат бўйлаб ўн миллионлаб сайловчиларни сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун шаблон сифатида ишлатилиши мумкин", деган Трампнинг адвокатлари.
Колорадо Олий суди Дональд Трампга мамлакат Конституциясига киритилган 14-тузатиш асосида праймериз сайловларида иштирок этишни тақиқлаган. Бу исёнда қатнашган шахсларни фуқаролик ва ҳарбий давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. 2021 йил январ ойида АҚШнинг собиқ президенти тарафдорлари томонидан Капитолийга бостириб кириши судьялар томонидан қўзғолон сифатида баҳоланган. Трампнинг ўзи Капитолийга бостириб киришга алоқадорлигини рад этади.
Қайд этиш жоиз, бугун, 5 март куни Америка Қўшма Штатларида “супер сешанба” деб аталадиган кун бўлиб ўтади, унда партияларнинг праймеризлари бир вақтнинг ўзида 15 штатда ва АҚШнинг битта орол ҳудудида бўлиб ўтади. Унинг натижалари Трамп ва унинг ягона рақиби Никки Хейли ўртасидаги қарама-қаршиликда ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Агар собиқ президент бу тадбирларда ғалаба қозонса, 20 мартга қадар у республикачилар овози учун курашда тўлиқ ғалаба қозонганини эълон қилиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 3 март куни Трамп Вашингтондаги праймеризда ютқазганди.