АҚШ Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер бергани учун ХЖСга санкция киритмоқчи

Олам

image

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси кеча, 9 январь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва унинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Исроилнинг Ғазо секторидаги геноциди туфайли ҳибсга олиш учун суд қарорига норозилик сифатида Халқаро жиноий судга (ХЖС) санкция қўйиш учун овоз берди. Бу ҳақда "Америка овози" хабар берди.

Суд аъзоси бўлмаган АҚШ ёки иттифоқдош мамлакатлар фуқароларини, шу жумладан Исроилни тергов қилган, ҳибсга олган ёки жиноий жавобгарликка тортадиган ҳар қандай чет элликларга нисбатан санкциялар қўллайдиган "Ноқонуний суд ҳокимиятига қарши чиқиш" қонунини 243 конгрессмен ёқлаб, 140 нафари эса қарши овоз берди. 45 демократ 198 республикачига қўшилиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бирорта ҳам республикачи унга қарши овоз бермади.

"Америка бу қонунни қабул қилмоқда, чунки ноқонуний суд бизнинг буюк иттифоқчимиз бўлмиш Исроилнинг Бош вазирини ҳибсга олишга уринмоқда", деди республикачилар вакили, Вакиллар Палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси Брайан Маст.

Вакиллар палатасида ўтган ҳафтада янги Конгресс тузилганидан буён биринчилардан бўлиб ўтказилган овоз бериш ҳозирда Конгресснинг ҳар икки палатасини назорат қилаётган  республикачилар Исроил ҳукуматини кучли қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Президентликка республикачилардан номзоди кўрсатилган ва сайланган Дональд Трамп 20 январь куни иккинчи муддатга президент сифатида қасамёд қилади. Сенатда янги тайинланган кўпчилик етакчиси Жон Тун эса Трамп лавозимга киришганидан сўнг мазкур қонунни имзолаши учун Сенат орқали тезда ўтишига ваъда берди.

ХЖC халқаро суд органи бўлиб, у ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар, геноцид ва аъзо давлатлар ёки уларнинг фуқароларига қарши ҳарбий тажовуз учун шахсларни жавобгарликка тортади. Суднинг таъкидлашича, Исроил расмийларини ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳақидаги қарори ХЖСнинг барча ишларга ёндашувига мос келади, бу эса прокурорнинг далилларнинг етарлилигига баҳоси ва ҳибсга олиш учун ордер бериш давом этаётган жиноятларнинг олдини олиши мумкин деган фикрга асосланади.

Конгрессдаги республикачилар суд Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазодаги 15 ойлик можаро давомида уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда айблаб, ҳибсга олишга ордер берганидан кейин ХЖСни қоралади. Исроил эса айбловларни рад этади.

Республикачилар бошчилигидаги Вакиллар палатаси қонун лойиҳасини июнь ойида қабул қилган, аммо у ҳеч қачон Демократлар назорати остида бўлган Сенатга етиб бормаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Конгресс Вакиллар палатаси Биньямин Нетаньяху Халқаро жиноий суд ХЖС Йоав Галант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг