АҚШ МРБ директори яширин равишда Киевга келгани маълум бўлди. У нимани режа қилган?

Олам

image

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс июнь ойида кутилмаган ташриф билан Украина пойтахти Киевга боргани маълум бўлди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.

Қайд этилишича, Бернснинг махфий сафари чоғида украиналик расмийлар унга Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олиш ҳамда йил охиригача Москва билан ўт очишни тўхтатиш юзасидан музокаралар бошлаш бўйича режаларини очиқлаган.

МРБ раҳбарининг олдиндан эълон қилинмаган ташрифи Президент Владимир Зеленский ва Украина разведка хизматининг юқори мансабдорлари билан учрашувларни ўз ичига олган. Ушбу ташриф Украина узоқ кутилган қарши ҳужумни бошлаб, дастлабки натижаларга эришишга интилаётган, бироқ ҳозирча Ғарб томонидан тайёргарлик кўрсатилган ва керакли жиҳозлар билан таъминланган бригадалар ҳужум ҳаракатларига жалб қилинмаган бир пайтда юз берди.

Бернснинг Киевга келганини “The Washington Post” нашрига исми ошкор қилинмаган АҚШ расмийси хабар берган. Ташрифдан мақсад Байден маъмуриятининг Украинани ўзини ҳимоя қилиши учун разведка маълумотлари билан таъминлаш бўйича мажбуриятини яна бир бор тасдиқлашдан иборатлиги айтилган.

Украина расмийлари сўнгги пайтларда тез-тез билдирилаётган қарши ҳужум кутилган натижани бермаётгани ҳақидаги танқидларга қарамай, Бернсни қўйилган режаларнинг муваффақият қозонишига ишонтира олган. Жумладан, Украина томони қуйидаги режаларни баён қилган:

  • артиллерия ва ракета тизимларини Россия назорати остидаги Қрим чегараси яқинига олиб ўтиш;
  • шарқий Украинага янада ичкарироқ кириб бориш;
  • ўтган йилнинг март ойида тўхтаб қолганидан буён биринчи марта Россия билан очиқ музокараларга киришиш.

"Россия ўзинининг хавф остидалигини ҳис қилсагина музокара олиб боради", дейди украиналик мансабдор.

Украинанинг мазкур режалари қисқа муддатда амалга ошадими, йўқми – ҳозирча аниқ эмас. Уильям Бернс қарши ҳужумнинг истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортган.

МРБ директорининг Украинага ташрифи Россияда Пригожин исёни юз беришидан аввал амалга оширилган. Ўша вақтда АҚШ разведкаси июнь ўрталарида Пригожин қандайдир қуролли ҳаракатни режалаштираётганидан хабардор бўлган. Аммо ушбу хулосалар Зеленский ва Украина расмийлари билан учрашувда муҳокама қилинмаган.

Пригожин исёнидан кейин Бернс россиялик ҳамкасби Сергей Наришкинга қўнғироқ қилиб, АҚШнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина етакчиси Владимир Зеленский қарши ҳужум кутилганидек тез бормаётганини тан олганди. Мудофаа вазири Олексий Резников эса танқидларни рад этиб, асосий воқеа ҳали олдинда эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Киев МРБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made