АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига 25 миллион доллар ёрдам ажратмоқчи
Олам
−
28 Февраль 2023
6857Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Марказий Осиёда иқтисодий барқарорлик ташаббуси (ERICEN) орқали минтақавий дастурларга 25 миллион доллар ажратмоқчи. Бу ҳақда бугун, 28 февраль куни Давлат департаменти томонидан берилган ёзма баёнотда айтилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2022 йил сентябрь ойида ташкил этилган ташаббус минтақада иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган.
Қайд этилишича, Вашингтон ўз йўналиши орқали 2022 молия йилида (мамлакатда ўтган йилнинг 30 сентябрида якунланган) “савдо йўлларини диверсификация қилиш, минтақага сармоя жалб этиш ва бандлик имкониятларини кенгайтириш” учун 25 миллион доллар йўналтирган.
“Конгресс билан ҳамкорлик қилиб, АҚШ [маъмурияти] ERICEN доирасидаги дастурларни кенгайтириш учун 2023 молия йилида 20 миллион доллар қўшиш ниятида. Қўшма Штатлар, шунингдек, иқтисодий ва энергетика дастурлари орқали минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион доллар, минтақавий дастурларга жами 50 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда”, дейилади АҚШ ташқи идораси хабарида.
Маблағлар савдо йўлларини кенгайтириш, транскаспий савдо йўллари бўйлаб инфратузилмани ривожлантириш, хусусий секторни мустаҳкамлаш, Ғарб трансмиллий компанияларини Марказий Осиёга жалб қилишга кўмаклашиш, минтақа бўйлаб ёш мутахассислар учун инглиз тилини ўқитиш дастурларини кенгайтириш, юк машиналарини бошқариш каби энг талаб қилинадиган кўникмаларни ўргатиш учун сарфланади.
Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи
Кеча, 27 февраль куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен илк расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Бугун, 28 февраль куни у Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди. Учрашув чоғида республика раҳбари АҚШ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини айтди.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 28 февраль куни Қозоғистон пойтахти Остонада C5+1 форматида энергетика, иқтисодиёт ва терроризмга қарши кураш масалалари, шунингдек, халқаро муаммолар, жумладан, Украина атрофида вазиятни муҳокама қилди.
C5+1 формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама механизми ҳисобланади. У 2015 йилда иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун ташкил этилган.
Блинкен 1 март куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлади. У 1 март куни Нью-Деҳлига жўнаб кетади.
LiveБарчаси