АҚШ мактабида яна отишма содир бўлди. Қурбонлар бор

Олам

image

Кеча, 16 декабрь куни АҚШнинг Висконсин штати Мэдисон шаҳрида хусусий христианлик мактабида отишма юз берди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, қуролли ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна етти киши ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар олган.

Полиция маълумотларига кўра, отишмада гумон қилинган 15 ёшли ўсмир қиз ҳам ўлик ҳолда топилган. У шу мактабнинг ўқувчиси бўлган. Маҳаллий полиция бошлиғи Шон Барнс матбуот билан суҳбатда отишмада гумон қилинаётган йигит ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлигини айтган.

“Бугун нафақат Мэдисон учун, балки бутун мамлакатимиз учун қайғули кун”, деган полиция бошлиғи.

Унинг қўшимча қилишича, полиция отишма сабабларини ҳали аниқламаган ва гумондорнинг оиласи тергов билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳужум ҳақида полицияга биринчи бўлиб иккинчи синф ўқувчиси хабар берган. Отишма аралаш синф ўқувчилари билан ўқув залида рўй берган.

Оқ уйнинг билдиришича, мамлакат Президенти Жо Байден отишма ҳақида хабардор қилинган.

Отишма содир бўлган мактаб – Abundant Life Christian Private School. У ерда жами 390 нафарга яқин бола таҳсил олади.

АҚШда отишмалар кенг тарқалган ва мактаблар бундан мустасно эмас.

Маълумот учун, бундан 3 йил аввал, Жоржия штатидаги отишмадан сўнг Президент Байден мамлакатда ўқотар қуроллар айланишини чеклаш керак бўлган янги чораларни эълон қилганди. Бу эса 1934 йилдан бери қурол-яроғга эгалик қилиш эркинлигига қарши 10-уриниш бўлган. Аммо Байденнинг режаси ҳам иш бермади.

АҚШдаги қуролли зўравонлик архивига кўра, отишма содир этиш ҳолатлари пандемия ва ундан кейин кўпайган. Масалан, 2021 йилдан бери 150 дан ортиқ оммавий отишмалар содир бўлган. Уларнинг ҳар бирида эса ўртача 4 киши ҳалок бўлган.

Агарда АҚШдаги вазиятни дунёнинг бошқа ривожланган давлатлари билан солиштирсак, аҳоли жон бошига қуролдан ўлдириш 25 бараварга кўп.

2018 йил ҳисоб-китобига кўра, аҳолининг қўлида қарийб 400 миллион дона ўқотар хавфли қуроллар бор. Аммо америкаликларнинг уйларида бугун нечта қурол борлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Пандемиядан кейинги 1 йилнинг ўзида америкаликлар 5 миллион дона тўппонча харид қилган.

“Education Week” ахборот ташкилоти маълумотларига кўра, жорий йилда АҚШ бўйлаб 38 та мактаб отишмаси қурбонлар ёки жароҳатлар билан якунланган. Бугунги отишмадан олдин шу пайтгача жами 69 киши жабр кўрган, уларнинг 16 нафари ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Калифорния штатидаги Палермо шаҳри яқинидаги мактабга қуролланган шахс кириб, мактабнинг икки ўқувчисига қарата ўт очганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ мактаб ўқувчи отишма қуролли ҳужум Висконсин штати Abundant Life Christian Private School. Мэдисон шаҳри христианлик мактаби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг