АҚШ мактабидаги отишмада икки ўқувчи яраланди

Олам

image

АҚШнинг Калифорния штатидаги Палермо шаҳри яқинидаги мактабга қуролланган шахс кириб, мактабнинг икки ўқувчисига қарата ўт очди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан кеча, 4 декабрь куни соат 13:00 атрофида содир бўлган. Воқеа жойига етиб келган полициячилар отишма содир этганликда гумон қилинган шахс ўз жонига қасд қилганини аниқлаган. Яраланган болалар, 5 ва 6 ёшли ўғил болалар мактабда боғча тарбияланувчилари бўлиб, Сакраменто ҳудудидаги шифохонада даволанмоқда. Отишма содир бўлган хусусий христиан мактабида 5500 га яқин ўқувчи таҳсил олади.

Полиция терговни давом эттирмоқда. Жиноятчининг шахси, шунингдек, унинг сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.

Маълумот учун, бундан 3 йил аввал, Жоржия штатидаги отишмадан сўнг Президент Байден мамлакатда ўқотар қуроллар айланишини чеклаш керак бўлган янги чораларни эълон қилганди. Бу эса 1934 йилдан бери қурол-яроғга эгалик қилиш эркинлигига қарши 10-уриниш бўлган. Аммо Байденнинг режаси ҳам иш бермади.

АҚШдаги қуролли зўравонлик архивига кўра, отишма содир этиш ҳолатлари пандемия ва ундан кейин кўпайган. Масалан, 2021 йилдан бери 150 дан ортиқ оммавий отишмалар содир бўлган. Уларнинг ҳар бирида эса ўртача 4 киши ҳалок бўлган.

Агарда АҚШдаги вазиятни дунёнинг бошқа ривожланган давлатлари билан солиштирсак, аҳоли жон бошига қуролдан ўлдириш 25 бараварга кўп.

2018 йил ҳисоб-китобига кўра, аҳолининг қўлида қарийб 400 миллион дона ўқотар хавфли қуроллар бор. Аммо америкаликларнинг уйларида бугун нечта қурол борлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Пандемиядан кейинги 1 йилнинг ўзида америкаликлар 5 миллион дона тўппонча харид қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Алабама штатидаги Таскиги университети кампусида отишма содир бўлганди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлганди, яна 16 киши яраланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ мактаб ўқувчи отишма Калифорния Палермо шаҳри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг