АҚШ Макроннинг Хитойга ташрифи муваффақият қозонишига ишонмаяпти

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Хитойга давлат ташрифини истиқболли деб ҳисобламайди, чунки унинг ўтмишдаги можароларда воситачилик қилишга уринишлари муваффақиятсиз бўлган. Бу ҳақда бугун, 3 апрель куни “Politico” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, АҚШ расмийлари Оқ уй Макроннинг муваффақиятга эриша олишига умид қилмаётганини билдирган. Бунга эса Франция Президентининг Россия Президенти Владимир Путин билан Украина масаласи бўйича музокаралари муваффақиятсизликка учрагани, шунингдек, унинг Эрон ядро дастури бўйича “Қўшма комплекс ҳаракатлар режа”си ҳам иштирокчиларга юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишига таъсир ўтказа олмагани сабаб бўлган. 

Шу билан бирга, Америка расмийлари Вашингтон гарчи Франциянинг Хитой ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршиликларга ўта ноаниқ позицияда бўлганидан хавотирда бўлсада, Макроннинг Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокараларига қарши эмас эканини таъкидлаган.

Манбага кўра, бугун, 3 апрель куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Макроннинг Хитойга ташрифи 5-7 апрель кунлари бўлиб ўтишини тасдиқлаган. Франция маҳаллий нашрлари Макрон Хитойга сафари чоғида Хитой раҳбарияти билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилишини ва Пекинни Россиянинг ҳарбий ёрдамидан огоҳлантирмоқчи эканини ёзган. 

Бундан ташқари, Париж Пекин билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ниятида экани маълум бўлган. Елисей саройидаги аноним манбаларга кўра, Airbus делегацияси Хитойга самолёт етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқчи.

Маълумот учун, Макрон ва Си Цзиньпин охирги марта 2022 йилда Индонезияда бўлиб ўтган G20 саммити доирасида учрашган. Франция Президентининг Пекинга аввалги ташрифи эса 2018 йилнинг январида бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 март куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитидан сўнг Макроннинг Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан бирга Хитойга бориши маълум бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Франция Хитой Путин Си Цзиньпин Байден Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг