АҚШ Мадурони қўлга олишда нейротармоқдан фойдаланган – WSJ
Олам
−
14 Февраль 1922 3 дақиқа
Пентагон Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш бўйича махсус амалиёт давомида Claude номли сунъий интеллект моделидан фойдаланган. Модель Anthropic томонидан ишлаб чиқилган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Claude – матн яратиш ва фойдаланувчи билан мулоқот қилишга мўлжалланган сунъий интеллект чат-боти. Anthropic стартапи 2021 йилда OpenAI собиқ вице-президентлари Дарио ва Даниела Амодей томонидан ташкил этилган.
Нашрга кўра, Мадуро ва унинг рафиқасини қўлга олиш операцияси Каракасдаги бир нечта объектларни бомбардимон қилишни ўз ичига олган. Манбаларнинг таъкидлашича, Claude’ни жорий этиш Anthropic’нинг маълумотларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи Palantir Technologies билан ҳамкорлиги туфайли мумкин бўлган. Palantir воситаларидан АҚШ Мудофаа вазирлиги ва федерал ҳуқуқ-тартибот органлари кенг фойдаланади.
Anthropic компаниясининг Пентагон ходимлари томонидан Claude’дан фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирланиши маъмурият расмийларини 200 миллион долларлик шартномани бекор қилиш масаласини кўриб чиқишга ундаган. Мазкур шартнома ўтган ёзда тузилган. Манбаларга кўра, компания раҳбари Дарио Амодей СИнинг ҳарбий операциялар ва ички кузатувда қўлланилишидан хавотирини очиқ билдирган.
Нашрнинг қайд этишича, Anthropic Пентагон махфий операцияларида қўлланиши мумкин бўлган СИ моделларини ишлаб чиққан илк компания бўлган. WSJ Венесуэладаги амалиётда махфий бўлмаган вазифалар учун бошқа СИ воситалари ҳам қўлланган бўлиши мумкинлигини истисно этмайди. Улар ҳужжат айланишидан тортиб, учувчисиз аппаратларни бошқаришгача бўлган турли вазифаларда ишлатилиши мумкин.
“Claude ёки бошқа ҳар қандай СИ модели аниқ операцияларда – махфий ёки бошқа – қўлланган-қўлланмагани ҳақида изоҳ бера олмаймиз. Claude’дан фойдаланиш, хоҳ хусусий сектор, хоҳ давлат тузилмалари томонидан бўлсин, бизнинг қоидаларимизга мос бўлиши керак. Биз ҳамкорларимиз билан бу қоидаларга риоя этилишини таъминлаш учун яқиндан ишлаймиз”, дейди Anthropic вакили.
Мадуро ва унинг рафиқаси Силвия Флорес жорий йил 3 январга ўтар кечаси Венесуэлада ўтказилган “Мутлақ қатъият” амалиёт чоғида қўлга олиниб, АҚШга олиб кетилган эди. Амалиёт икки соат 20 дақиқа давом этган. Сиёсатчи ва унинг рафиқаси “наркотерроризм”, гиёҳванд моддалар контрабандаси ҳамда қурол сақлашда айбланган. Венесуэла расмийлари эса воқеани ҳарбий тажовуз деб атаган. Уларнинг маълумотига кўра, январь бошидаги ҳодисаларда 100 киши ҳалок бўлган.
“The New York Post” хабарига кўра, операция давомида АҚШ ҳарбийлари номаълум қуролдан фойдаланган. Ҳарбий хизматчилардан бирининг айтишича, Каракасга туширилган америкаликлар бош оғриғи ва бурундан қон кетишига олиб келадиган қуролни қўллаган. Тахминлардан бирига кўра, гап товуш қуроли ҳақида кетмоқда.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль