Пентагон номаълум учар жисмлар ҳақидаги янги ҳужжатларни эълон қилди
Олам
−
144 2 дақиқа
АҚШ Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 20 ноябрь куни номаълум аномал ҳодисаларга оид махфийликдан чиқарилган материалларнинг саккизинчи тўпламини эълон қилди. Унга 43 та файл: 40 та ҳужжат ва учта видеоёзув киритилган.
Идора маълумотларига кўра, видеороликларнинг бир қисми Яқин Шарқда суратга олинган. 2020 йилги ёзувда номаълум объект танкер ёки авиаташувчи кемага ўхшаш кема фонида учиб ўтади, тасвирнинг аниқ жойи ошкор этилмаган. 2026 йил январь ойида олинган бошқа бир видеода эса ҳаракатланаётган бир нечта объектни кўриш мумкин. 2020 йилга оид яна бир ёзув 20 сония давом этади ва Америка ҳарбий платформасидаги инфрақизил сенсор орқали олинган: унда объект ўнгдан чапга қараб ҳаракатланади, шундан сўнг камера уни кузатиш учун йўналиши ва масштабини ўзгартиради.
Ҳужжатлардаги энг машҳур воқеалардан бири 1957 йил ноябрь ойида Техас штатининг Левелленд шаҳри яқинида содир бўлган. Бир неча киши бир-биридан мустақил равишда осмонда ёрқин овал ёки юмалоқ шаклдаги объектларни кўргани ҳақида хабар берган. Шу билан бир вақтда уларнинг айримларида автомобиллар ишламай қолган: двигателлар ўчиб қолган, ўт олдириш тизими, фаралар ва радио ишдан чиққан. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари бундай ҳолатларнинг олтитасини батафсил ўрганиб чиққан. Воқеа ошкор бўлгач, бир неча кун ичида юзлаб шунга ўхшаш хабарлар келиб тушган. Ҳарбийлар энг эҳтимолий изоҳ сифатида ноёб атмосфера ҳодисасини, эҳтимол, шарсимон чақмоқларни кўрсатган, ўзга сайёралик аппаратларнинг излари эса топилмаган.
Янги материалларда Япония яқинида номаълум объектга дуч келган америкалик ҳарбий учувчининг ҳикояси ҳам бор. Унинг сўзларига кўра, аппарат ярим шар шаклида бўлган. Учувчи унга тахминан тўққиз километр масофага яқинлашганида, объект кескин тезлашган — ҳисоботда унинг тезлиги соатига 3333 км деб баҳоланган. Бироқ ерусти радарлари нишонни қайд этмаган, иккинчи учувчи эса уни тасдиқламаган.
Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) 1950-йиллар бошидаги ҳужжатларидан маълум бўлишича, ўша вақтга келиб АҚШда НУЖлар кузатилгани ҳақида 1500 га яқин хабар рўйхатга олинган ва уларнинг тахминан 20 фоизи изоҳсиз қолган. Разведка, шунингдек, жамиятнинг НУЖларга бўлган қизиқишидан психологик операцияларда фойдаланиш мумкинлигини ҳамда бундай хабарлар оқими Америка алоқа тизимларига ортиқча юк бўлмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пентагон Афғонистон осмонида кузатилган номаълум учар жисмлар ҳақидаги маълумотларни очиқлаган эди.
Live
Барчаси