АҚШ кўмак сўраган Панжшерга “Толибон”га қарши курашда ёрдам берадими?
Олам
−
03 Сентябрь 2021
20272Америка ҳарбийларининг Афғонистондаги фуқаролар тўқнашувида иштирок этиш имконияти йўқ. Бу ҳақда Пентагон Матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.
Кирбига кўра, фақатгина террор таҳдидларининг олдини олиш учун “уфқдан ташқарида” операциялар ўтказилиши мумкин.
“АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси тугади”, деган у журналистларнинг америкаликлар қуролли қаршилик кўрсатишга уринаётган “Толибон” рақибларини қўллаб-қувватлай оладими, деган саволига жавобан.
Кирбининг сўзларига кўра, АҚШ 20 йиллик ҳарбий кампаниядан сўнг Афғонистонни тарк этгач, таҳдидларга жавоб бериш учун уфқдан ташқарида террорга қарши зарбалар бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган.
“Биз буни, албатта, қиламиз, лекин бу Афғонистондаги узоқ муддатли ҳарбий миссиядан фарқ қилади”, деган Кирби.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Масъуд АҚШ ва унинг иттифоқчилари “жанг майдони”ни тарк этганини, аммо Америка ҳамон “демократиянинг буюк арсенали” бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15