АҚШ Кобулда юз берган қатор портлашлар юзасидан муносабат билдирди

Олам

image

АҚШ кеча, 8 май куни Кобул шаҳридаги мактабда юз берган портлашларни қоралади ва Афғонистондаги зўравонликни ҳамда тинч аҳолига қарши ҳужумларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти Матбуот хизмати раҳбари Нед Прайснинг ёзма баёнотида сўз боради.

“Қўшма Штатлар Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги қизлар мактабига қилинган ваҳший ҳужумни қоралайди. Биз қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз. Бегуноҳ, тинч аҳолига қарши зўравонлик ва бемаъни ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз. Сўнгги йигирма йил ичида эришилган ютуқлар кўкка совурилмаслигининг қатъий тарафдори бўлган Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаймиз ва улар билан ҳамкорлик қилишни давом эттирамиз”, дейди дипломат.

Фото: Кобулдаги мактабда юз берган портлаш оқибатида жароҳатланган мактаб ўқувчилари

Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 май куни Афғонистон пойтахти Кобулда қатор портлашлар юз берди. Оқибатда камида 40 киши ҳалок бўлди, 60 га яқин жароҳатланди. Воқеа шаҳар мактабларидан бирида содир бўлган ва вафот этганларнинг асосий қисмини 11-15 ёшдаги ўқувчи қизлар ташкил этган.

Бундан аввал, май ойининг бошида мамлакатнинг Логар вилоятида ҳам бомба портлаши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлиб, 60 га яқин одам жароҳат олганди. Бу воқеа Америка коалицияси қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши бошланган куннинг эртасига юз берди.

Фото: Кобулдаги мактабда юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган мактаб ўқувчилари

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолаганди. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. 

Бироқ, бу жараён Америка томонидан кечиктирилди. 14 апрель куни мамлакат Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунлангани ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, Қўшма Штатлар бу давлатдаги ҳарбийларини 2021 йил 11 сентябрга қадар олиб чиқиб кетади. Афғонистон расмийларига кўра, ўшандан бери “Толибон” мамлакат бўйлаб ҳужумларни кучайтирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ Кобул

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг