АҚШ Хитой банкларига қарши санкциялар ишлаб чиқмоқда – WSJ
Олам
−
23 Апрель
2733Америка Қўшма Штатлари Хитойнинг айрим банкларини глобал молия тизимидан узиб қўйиши мумкин бўлган санкцияларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда номаълум манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Газетанинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Пекинни "Россия ҳарбий саноатига савдо ёрдамини тўхтатишга" мажбурлашга умид қилмоқда.
“Хитой банклари Россияга тижорат экспортида асосий воситачи бўлиб хизмат қилади, тўловларни амалга оширади ва мижоз компанияларга савдо операциялари учун кредитлар беради”, дея таъкидлайди нашр.
Сўнгги ҳафталарда Вашингтон Пекинга шахсий учрашувлар ва қўнғироқлар орқали босимни кучайтириб, АҚШ Хитой банкларига қарши чора кўришга тайёрлигидан огоҳлантирган. WSJ суҳбатдошларига кўра, Вашингтон дипломатик босим Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги "мўрт сулҳни бузиши мумкин бўлган" санкциялар қўлланилишидан қочишига умид қилмоқда.
Шу билан бирга, агар дипломатик усуллар Пекинни Россияга экспортини чеклашга кўндира олмаса, банкларга қарши санкциялар қўллаш “эскалация варианти”дир.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 24-26 апрель кунлари Хитойга ташриф буюришини хабар қилинганди. “Financial Times”нинг ёзишича, Блинкен Пекинни Москвага ҳарбий ёрдам ва икки томонлама технологияларни етказиб беришни тўхтатмаса, Оқ уй томонидан жазоланишидан огоҳлантирмоқчи.
LiveБарчаси