АҚШ “Катаиб Ҳизбуллоҳ” етакчисини йўқ қилди
Олам
−
08 Февраль
6445Эрон томонидан қўллаб-қувватлангани айтиладиган “Катаиб Ҳизбуллоҳ” гуруҳи раҳбари Абу Бакир ас-Саъдий кеча, 7 февраль куни Бағдодда ўлдирилди. У ва икки қўриқчи Америка учувчисиз самолёти ҳужумига учраган машина ичида бўлган. Зарба оқибатида автомобиль ичидаги 3 киши ҳам ҳалок бўлган. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар берди.
Пентагон Абу Бакир ас-Саъдий минтақадаги америкалик аскарларга ҳужум уюштириш учун жавобгар эканини билдирган. Қайд этиш жоизки, АҚШ январь ойида Иорданиядаги АҚШ базасига ҳужум уюштирган ва уч нафар америкалик ҳарбий хизматчининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумда Ироқдаги “Катаиб Ҳизбуллоҳ” гуруҳини айблаганди.
АҚШнинг Ироққа бостириб кириши ортидан ташкил топган ярим ҳарбийлаштирилган “Катаиб Ҳизбуллоҳ” сўнгги ойларда минтақадаги АҚШ базаларини ўққа тутган Эронга яқин асосий гуруҳлардан биридир.
Вашингтонга кўра, "Катаиб Ҳизбуллоҳ" Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси билан чамбарчас боғлиқ ва халқаро коалиция кучларига ҳужум қилиш учун бир неча бор ундан ёрдам олган.
Январь ойида Иорданиядаги АҚШ базасига уюштирилган ҳужумдан сўнг гуруҳ Ироқ расмийларини ноқулай аҳволга солиб қўймаслик учун Америка қўшинларига қарши ҳужумларни тўхтатаётганини айтганди.
Шунга қарамай, кеча, 7 февраль куни кечқурун америкаликлар бу суиқасдни Бағдоднинг Маштал туманида амалга оширди. Операция гавжум кўчада ҳаракатланаётган машинага аниқ зарба бериш орқали амалга оширилган.
CENTCOM ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:30да содир бўлгани ва "минтақадаги АҚШ кучларига ҳужумларни бевосита режалаштириш ва иштирок этиш учун жавобгар бўлган қўмондон" ўлдирилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Сурия-Иордания чегараси яқинидаги АҚШ ҳарбий базасига қилинган дрон ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган ва бир неча ўнлаб киши жароҳатланган эди. Бунга жавобан 2 февраль куни АҚШ Марказий қўмондонлиги Сурия ва Ироқдаги 85 дан ортиқ нишонга зарба бергани, бу ҳаво ҳужумлари Эрон инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли “Ал-Қудс” махсус кучлари ва унга алоқадор гуруҳларга қарши қаратилганини билдирди. Президент Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ Яқин Шарқдаги Эронга алоқадор кучларга янги зарбалар бериш ниятида эканини айтди.
LiveБарчаси