АҚШ Ўзбекистонни “Жексон-Вэник” тузатишидан чиқариш резолюциясини кўриб чиқади

Жамият

image
0:00
0:00
download

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар бўйича қўмитаси Ўзбекистонга нисбатан “Жексон-Веник” тузатиши қўлланилишини бутунлай олиб ташлаш масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига таяниб, “Дунё” агентлиги хабар берди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов икки томонлама савдо-сотиқдаги чекловларни бекор қилиш ва мамлакатимизга нисбатан Жексон-Вэник тузатиши қўлланилишини бутунлай олиб ташлаш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида АҚШ Конгресси вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди

АҚШ Вакиллар палатасидаги “Ўзбекистон бўйича кокус”нинг ҳамраиси, Миссисипи штатидан сайланган конгрессмен Трент Келли мулоқот чоғида унинг идорасига Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасидан тегишли мурожаат келиб тушганини тасдиқлади. Конгрессмен сўзларига кўра, парламентнинг ушбу масала билан шуғулланадиган қўмитаси Ўзбекистон томонидан тақдим қилинган республикага нисбатан Жексон-Вэник тузатишининг қўлланишини бекор қилишга асос бўладиган далилларни диққат билан ўрганиб чиқди.

Трент Келлининг сўзларига кўра, ушбу қўмитадан олинган тавсиялар асосида конгрессмен ушбу ҳужжатнинг Ўзбекистонга нисбатан қўлланилишини тўхтатиш тўғрисидаги таклифни ўз ичига олган резолюция лойиҳасини тайёрлаган ва ушбу ҳужжат АҚШ Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитасининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

"Ўзбекистон бўйича кокус"нинг яна бир аъзоси, Небраска штатидан сайланган республикачи конгрессмен Дон Бэкон ҳам Вакиллар палатасининг Ўзбекистонга нисбатан ушбу тузатиш қўлланилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Канзас штатидан сайланган Конгресс аъзоси Рон Эстес Жексон-Вэник тузатишини ўтган аср акс-садоси, деб ҳисоблайди. Унинг фикрига кўра, бу собиқ иттифоқ ҳудудида ташкил топган мустақил давлатларга, шу жумладан, 30 йил олдин тарқаб кетган мамлакатга қўлланилган чеклов чораларининг сабаблари билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Ўзбекистонга нисбатан қўлланилмаслиги керак. Конгрессмен тегишли қўмитада ушбу масала бўйича мунозаралар бошлашини маълум қилди. Бундан ташқари, Рон Эстес Бюджет ишлари бўйича қўмита аъзолари, шунингдек, АҚШ савдо вакили идораси ва мамлакатнинг бошқа тегишли тузилмалари билан маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлигини билдирди.

АҚШ Конгрессидаги "Аёллар кокуси"нинг ҳамраиси, Пуэрто-Рикодан сайланган республикачи конгрессмен Женнифер Гонсалес Колон таъкидлашича, Жексон-Вэник тузатишининг Ўзбекистонга нисбатан қўлланишининг олиб ташланиши жуда кечикмоқда, чунки мамлакатда азалдан бошқа миллат вакилларига дўстона муносабатда бўлиб келинган, яҳудийларнинг ҳаракатланиш эркинлиги чекланмаган. У конгрессмен Трент Келли билан биргаликда мазкур тузатишнинг Ўзбекистонга нисбатан қўлланишини тезлик билан бутунлай бекор қилиш масаласини илгари суришини қайд этди.

АҚШ Сенатининг Халқаро муносабатлар қўмитаси ва Вакиллар палатасининг Халқаро муносабатлар қўмитаси масъул ходимлари ушбу масала бўйича қарор сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва инсон ҳуқуқларига оид соҳалардаги вазият, меҳнаткашлар ҳуқуқлари, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, савдо тўсиқларини олиб ташлаш ва божхона тарифларини енгиллаштириш жабҳасидаги ижобий ўзгаришлар, АҚШ билан ҳамкорлик ҳолати пухта ва ҳар томонлама ўрганилгандан сўнг қабул қилинишини таъкидлади.

Конгресс вакиллари элчихонанинг ушбу тузатишни Ўзбекистонга нисбатан бекор қилиш ташаббусини илгари суришда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Уларнинг фикрига кўра, собиқ тузум даврида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи чегараланган яҳудий миллатига мансуб аксарият аҳоли узоқ вақтдан бери тарихий ватани - Исроилга, шунингдек, АҚШ ва Канадага кўчиб кетган. Конгресс ходимлари, шунингдек, парламентнинг бошқа вакилларини Вакиллар палатасининг ушбу тузатишни бекор қилиш тўғрисидаги ташаббусини илгари суриш жараёнига жалб қилишини билдирди.

Элчихона маълумотига кўра, АҚШ Савдо вакили идораси Ўзбекистоннинг мамлакатни Жексон-Вэник тузатиши таъсиридан олиб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайди. Ушбу тузатиш амалиёти Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик руҳи, ўзаро муносабатларнинг бугунги изчиллиги, шунингдек, Ўзбекистон раҳбариятининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича саъй-ҳаракатларига мос келмайди, деб ҳисоблайди.

Элчихонанинг хабар беришича, жорий йил апрель ойида  Конгрессда АҚШ Савдо вакили идораси вакиллари иштирокида махсус брифинг ўтказиш режалаштирилган. Анжуман Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ва бозор иқтисодиётини шакллантириш соҳаларида қўлга киритилган ютуқларга бағишланади. Бу ҳам Жексон-Вэник тузатишининг Ўзбекистонга нисбатан қўлланишини бекор қилишдаги қадам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Жексон-Вэник тузатиши 1974 йилда Конгресс аъзолари Генри Жексон ва Чарльз Вэник томонидан 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонунга киритилган ҳуқуқий қоидадир. Тузатиш эркин эмиграцияни чеклаш ва давлат антисемитизми сиёсатини олиб борган мамлакатларга қарши савдо ва молиявий чекловларни жорий этиш мақсадида қабул қилинган. Собиқ иттифоқ тугатилгандан сўнг ушбу тузатиш МДҲ давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам автоматик тарзда татбиқ этилган. Унга кўра, бозор иқтисодиётига эга бўлмаган мамлакатлардан АҚШга олиб кириладиган товарларга нисбатан алоҳида тарифлар ва божлар қўллаш, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатлари беришни тақиқлаш назарда тутилган.

Бугун Ўзбекистон ушбу тузатиш таъсиридан вақтинча ("waiver") чиқарилган. Бу масала ҳар йили АҚШ Конгрессидаги тингловларда қайта кўриб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-АҚШ

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг