АҚШ Исроилни “Ҳизбуллоҳ” билан музокара ўтказишга мажбурламоқда – NYT
Олам
−
19:22
872Қўшма Штатлар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга 28 ноябрь куни АҚШда бўладиган Шукрона куни (“Thanksgiving Day”) олдидан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш учун босим ўтказмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The New York Times” хабар берди.
Нашрга кўра, сўнгги ҳафталарда воситачилар Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишда катта ютуқларга эришган, аммо жараён Биньямин Нетаньяхунинг талаб қилган кафолатлари сабаб секинлашган. Унга кўра, агар “Ҳизбуллоҳ” сулҳни бузса, Исроил ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш ҳуқуқини олиши лозим.
Келишувга кўра, Исроил кучлари 60 кун ичида Ливандан чиқарилади, “Ҳизбуллоҳ” Литани дарёсидан шимолга, чегарадан узоқлашади. Шунингдек, Ливан жанубида мамлакат армияси жойлаштирилади, бу эса буфер зонаси яратилишини англатади.
Сулҳ АҚШ ва бошқа воситачи давлатлар ёрдамида Исроил, Ливан ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида тузилади. “Reuters” ва “Ynet” маълумотларига кўра, АҚШ Президенти Жо Байден ва Франция Президенти Эммануэль Макрон келишувни расман эълон қилиши кутилмоқда. Аммо Исроил келишув матнида ўз ҳаракат эркинлиги кафолатланишини талаб қилмоқда ва Франциянинг жараёндаги иштирокини қисқартиришга интилмоқда. Бу Франциянинг Нетаньяху ва собиқ Исроил мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан Халқаро жиноий суд ордерларини қўллаб-қувватлагани туфайли юзага келган таранглик билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳужумларининг кучайишига қарамай яхудий давлати ва “Ҳизбуллоҳ” Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга жуда яқин тургани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
16:25