АҚШ Исроилга қурол компонентларини етказди
Жамият
−
07 Апрель
2591Американинг Galaxy типидаги ҳарбий транспорт самолёти сўнгги кунларда Исроил ҳаво кучлари базасига THAAD аккумулятори компонентларини етказиб берди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, Исроилнинг KAN давлат телеканали ва “Maariv” газетаси хабар берди.
KAN маълумотларига кўра, Исроил армияси Эроннинг эҳтимолий “стратегик хатоси” – Исроил нишонларига юзлаб баллистик ракеталар ва дронлар учирилишига тайёрланмоқда.
“Исроил ва АҚШ тўлиқ мувофиқлаштиришда ишламоқда ва барча мумкин бўлган сценарийларга тайёргарлик кўрмоқда”, деди KAN телевидениесига Исроил хавфсизлик манбаси.
Пентагон матбуот котиби Шон Парнель 2 апрель куни Қўшма Штатлар “минтақавий барқарорликни таъминлаш, тажовузкор хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ва эркин савдони ҳимоя қилиш” чораларини кўраётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг кўрсатмаси билан АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий мавжудлиги, жумладан, қўшимча қирувчи самолётларни жойлаштириш орқали кучайтирилади, бу эса минтақадаги АҚШ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг имкониятларини оширади.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 2 ноябрида Пентагон Америка қўшинлари ва Исроилни ҳимоя қилиш учун минтақага АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг ракетага қарши мудофаа эсминетлари, жанговар самолётлари, танкерлари ва B-52 стратегик бомбардимончи самолётларини қўшимча жойлаштириш режасини эълон қилган.
13 октябрь кунги баёнотида Пентагон Эрон таҳдидига қарши туриш учун THAAD батареяси ва унга хизмат кўрсатиш учун 100 га яқин аскарини Исроилга жўнатишини маълум қилган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп 7 март куни Эрон етакчиси Али Хоманаийга мактуб йўллаганини айтди, унда ҳам таҳдид, ҳам музокарага чақириқ бор. Хоманаий, ўз навбатида, АҚШ муаммоларни музокаралар йўли билан ҳал қилмоқчи эмас, балки ўз талабларини қўйиш ва ҳукмронлик ўрнатишга интилаётганини айтди. У Эрон бундай шартларни қабул қилмаслигини таъкидлади.
Мактуб бир неча кундан кейин Бирлашган Араб Амирликлари орқали Эронга етказилган ва Эрон 27 март куни Уммон орқали жавоб юборганини маълум қилган. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Трамп таҳдидларини давом эттирар экан, Теҳрон АҚШ билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказмаслигини, бироқ мамлакат воситачилар орқали билвосита музокараларга тайёр эканини айтди.
Вазир, шунингдек, Трамп талабларига зид равишда фақат ядровий масала бўйича музокаралар олиб борилиши ва мамлакат мудофаа қобилияти масаласи музокаралар учун ёпиқ эканини таъкидлади.
Трамп эса Эрон ядровий келишувдан воз кечса, унга ҳужум қилиш билан таҳдид қилган эди.
“Агар улар келишувга эришмаса, портлаш бошланади. Бу улар ҳеч қачон кўрмаган бомбардимон кампанияси бўлади”, деб таъкидлади Оқ уй раҳбари.
31 март куни Хоманаий Президент Трамп Теҳронга қарши таҳдидларини амалга ошириши даргумон, аммо ҳар қандай тажовузга Эрон қатъий жавоб беришга тайёр эканини айтди.
LiveБарчаси
Тошкентда подстанция ёниб кетди.
11 Апрель