АҚШ Испанияни НАТОдан ҳайдамоқчи – ОАВ
Олам
−
14:55 2083 2 дақиқа
АҚШ маъмурияти Эронга қарши операцияни қўллаб-қувватламаган НАТО бўйича иттифоқчиларига нисбатан таъсир чораларини кўришни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда америкалик мулозимлар орасидаги манбасига ва Пентагон ички махфий ёзишмаларидаги ҳужжатга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Ҳужжатда бир қатор давлатларнинг операцияларни олиб бориш учун зарур бўлган базаларга кириш, қўшинларни жойлаштириш ва ҳаво ҳудудидан учиб ўтиш ҳуқуқини беришдан бош тортгани ёки истамаётганидан норозилик билдирилган.
“Пентагонда бундай шартларни альянс фаолияти учун фундаментал асос деб ҳисоблашмоқда”, дейди нашр манбаси.
Кўриб чиқилаётган чоралар қаторида “муаммоли” давлатлар вакилларини НАТОдаги асосий ва нуфузли лавозимлардан четлаштириш ҳамда Испаниянинг альянсдаги иштирокини тўхтатиб туриш бор. Мадридга нисбатан даъволар шу билан боғлиқки, мамлакатда АҚШнинг йирик объектлари – Рота ҳарбий-денгиз базаси ва Морон авиабазаси мавжудлигига қарамай, Эронга зарба бериш учун ўз базалари ва ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берилмаган.
Шунингдек, ҳарбий идора мактубида АҚШнинг бир қатор ташқи сиёсий масалалар, жумладан, Буюк Британия назоратида бўлган ва Аргентина томонидан баҳслашилаётган Фолкленд ороллари бўйича позицияси каби дипломатик кўмагини қайта кўриб чиқиш эҳтимоли тилга олинган.
Вашингтонда Буюк Британиянинг позицияси ҳам алоҳида норозилик уйғотган. Лондон дастлаб Эронга зарба бериш учун иккита Британия базасини тақдим этишдан бош тортган ва фақат кейинроқ мудофаа миссияларини ўтказишга рози бўлган. АҚШ Президенти Дональд Трамп Британия Бош вазири Кир Стармерни операцияга қўшилишдан бош тортгани учун танқид қилиб, унинг ҳаракатларини етарлича қатъиятли эмас деб атаган.
Шу билан бирга, ҳужжатда АҚШнинг НАТОдан чиқиши ёки Европадаги ҳарбий базаларни ёпиш кўзда тутилмаган, бироқ Америка ҳарбий иштирокини қисқартириш масаласи очиқ қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Эронга қарши урушни қўллаб-қувватлашдан бош тортган НАТО давлатлари рўйхатини тузгани ва уларга таъсир ўтказиш чораларини кўраётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси