АҚШ Боғдоднинг рухсатисиз Ироқда рейд ўтказди
Олам
−
22 Ноябрь 2023
7600Ироқ ҳукумати АҚШ Қуролли кучларининг Бобил вилоятидаги айрим нишонларига ҳужумлар уюштирган ҳарбий кучайишига кескин норозилик билдиради. Бу ҳақда мамлакат расмийси Басем ал-Аваднинг баёнотига таяниб, “Shafaq News” ахборот портали хабар берди.
“Биз АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Ироқ ҳукумати маъмуриятининг хабарисиз Журф ан-Наср ҳудудига қилинган ҳужумини кескин қоралаймиз ва бу ҳужумни Ироқ суверенитетини қабул қилиб бўлмайдиган бузиш, деб биламиз”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Ироқ расмийлари Америка томонининг ҳаракатларини ички барқарорликни бузишга қаратилган хавфли уриниш деб билади.
“АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Ироқда бўлиши қуролли кучларимизни ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашишга тайёрлаш ва ўқитиш билан боғлиқ. Ҳаво кучларининг рейдлари эса ушбу миссияни бузиш ҳисобланади”, дейилади баёнотда.
“Shafaq News” хабарига кўра, 22 ноябрга ўтар кечаси Америка кучлари Бобил вилоятидаги ироқлик қуролли гуруҳлар позицияларига ҳужум қилиш учун дронлардан фойдаланган. Оқибатда ироқлик саккиз нафар аскар ҳалок бўлиб, икки нафари яраланди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги матбуот хизмати эса АҚШ ҳарбийлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳлар ҳужумларига жавобан Ироқдаги нишонларга зарба берилганини айтган.
Маълумот учун, 900 га яқин америкалик аскар Сурия ҳудудида, 2,5 минг нафари эса Ироқда жойлашган. Пентагон маълумотларига кўра, 17 октябрдан буён Сурия ва Ироқдаги АҚШ қўшинларига 66 марта ҳужум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ироқ шимолидаги Америка ва халқаро кучлар жойлашган ҳарбий базага учувчисиз самолёт ҳужум қилганди. Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён эса ҳарбийлар Фаластин-Исроил можароси авж олиши фонида Ўртаер денгизига жойлаштирилган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларини эҳтимолий ҳужумларга қарши ҳимоясиз деб билишини айтганди.
LiveБарчаси