АҚШ гиёҳванд модда ташишда гумон қилинган кемани йўқ қилди
Олам
−
30 Октябрь 1687 1 дақиқа
Жорий йилнинг 29 октябрь куни АҚШ қўшинлари Тинч океанининг шарқий қисмида ноқонуний гиёҳванд моддаларни ташишда гумон қилинган кемани йўқ қилди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсетт ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳужум АҚШнинг гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланаётган кемага бўлган 14-зарбасидир. Ҳужум халқаро майдонда содир бўлган ва АҚШ ходимларидан ҳеч ким жабрланмаган.
АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсеттнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари Тинч океанидаги кемага зарба бериши оқибатида гиёҳванд модда ташишда гумон қилинганларнинг тўрт нафари ҳалок бўлган.
“Бу ҳужумлар ҳар куни давом этади. Булар шунчаки гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар эмас, булар бизнинг шаҳарларга ўлим ва вайронагарчилик келтираётган наркотерроризм тарафдорларидир”, деб ёзган Пит Ҳегсетт
Қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бери АҚШнинг гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланаётган кемаларга ҳужуми оқибатида жами 61 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка қўшинлари Тинч океанининг халқаро сувларида гиёҳванд моддалар ташиш учун фойдаланилган деб тахмин қилинган катерни йўқ қилган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь