АҚШ Ғазога ҳужумларни тўхтатиш учун ишламоқда – Байден
Олам
−
20 Август
1534Қўшма Штатлар Яқин Шарқда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш учун ҳаракат қилишда давом этади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Демократик партиянинг Чикагодаги қурултойида маълум қилди.
“Биз Ғазодаги урушни тугатиш, асирларни уйларига қайтариш ва Яқин Шарқда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун ишлашда давом этамиз”, дейди Президент.
Байден АҚШ расмийлари Фаластин анклавида ўт очишни тўхтатиш режимини таъминлаш учун “жуда кўп ишлаётганини” таъкидлади ва вазифа имкон қадар тезроқ амалга ошишига умид билдирди.
“Бир неча кун олдин мен кенгроқ урушнинг олдини олиш, маҳбусларни оилалари билан бирлаштириш, Ғазога инсонпарварлик ёрдами оқимини кўпайтириш, Фаластин халқининг азоб-уқубатларига чек қўйиш ва пировардида ўт очишни тўхтатиш ва бу урушни тугатиш бўйича келишувни таклиф қилдим”, деди Жо Байден.
АҚШ Президенти, шунингдек, Чикаго кўчаларида Фаластинни қўллаб-қувватлаган минглаб намойишларга изоҳ берди.
“Намойишчиларнинг бунга ҳаққи бор, ҳар икки томондан кўплаб бегуноҳ одамлар ўлдирилган”, дейди Жо Байден.
Умуман олганда, Байден нутқи давомида Оқ уй раҳбари сифатидаги фаолияти давомида эришган муваффақиятлари ҳақида гапирди, Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трампни танқид қилди ва тарафдорларидан бўлажак сайловларда Демократик партиядан номзод Камола Ҳаррисни қўллаб-қувватлашни сўради.
Байденнинг нутқи давомида тингловчиларнинг баъзилари “Исроилни қуроллантиришни тўхтатинг” деган баннерни кўтаришди. Бу вақтда бошқа партия вакиллари ўз плакатларини юқорига кўтариш орқали афишани ёпишга ҳаракат қилишди. Ходим баннерни олиб ташламоқчи бўлган пайт камерага тушиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 август куни АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Исроил ҳукумати раҳбари Биньямин Нетаньяху билан уч соатлик учрашувдан сўнг Исроил АҚШнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги сўнгги таклифига рози бўлганини айтганди.
LiveБарчаси