АҚШ Ғазода порт қуриш учун кема юборди
Олам
−
11 Март
3927Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори қирғоқларига гуманитар ёрдам етказиш мақсадида минтақада вақтинчалик денгиз портини қуриш учун асбоб-ускуналар билан биринчи кемани юборди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“2024 йил 9 март куни АҚШ армиясининг “Генерал Фрэнк С. Бессон” (LSV-1) кемаси Лэнгли-Юстис қўшма базасидан Шарқий Ўрта ер денгизига йўл олди”, дейилади баёнотда.
АҚШ Президенти Жо Байден ҳарбийларга Ғазо сектори соҳилида вақтинчалик порт яратиш бўйича кўрсатма бергани, бу эксклавга Ўрта ер денгизи бўйидаги мамлакатлардан ёрдам етказилишини таъминлаганини маълум қилган.
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг айтишича, сузувчи ҳарбий портни қуриш 60 кунгача давом этиши мумкин.
Маълумот учун, 8 март куни Европа комиссияси, Кипр, БАА, АҚШ ва Буюк Британия Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб бериш учун денгиз йўлаги яратишни маъқуллади. Қўшма баёнотда қайд этилишича, Кипр раҳбарияти денгиз йўлагининг ишга туширилишида муҳим роль ўйнаган “Амальтея ташаббуси” оролдан Ғазо секторига денгиз орқали ёрдамни хавфсиз етказиб бериш механизмини тақдим этади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден Исроил фаластинликларга гуманитар ёрдам етказиб бериш учун Ғазо секторидаги вақтинчалик фаолият юритадиган порт хавфсизлигини таъминлашга тайёр эканини айтганди.
LiveБарчаси