Ғазо порти хавфсизлигини Исроил таъминлайди – Байден
Олам
−
09 Март
4133Исроил фаластинликларга гуманитар ёрдам етказиб бериш учун Ғазо секторидаги вақтинчалик фаолият юритадиган порт хавфсизлигини таъминлашга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Филадельфияга (Пенсилвания) парвози олдидан Вашингтон яқинидаги Эндрю ҳарбий базасида журналистларга маълум қилди.
Ушбу объект хавфсизлигини ким ўз зиммасига олишни таклиф қилмоқда, деган саволга Америка раҳбари: "Исроилликлар", деб жавоб берди.
Ўз навбатида, Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда ҲАМАС хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлардан бирига айланиши эҳтимолини истисно қилди. Шу билан бирга, у Вашингтон ҲАМАСни террорчи ташкилот деб билишини эслатди.
“Қўшма Штатлар хавфсизликни таъминлашда ҲАМАС билан ишламайди”, дейди Райдер.
Бундан ташқари, у фаластинликларга денгиз орқали гуманитар ёрдам етказаётганда Америка қўшинлари Ғазо секторидаги қирғоққа чиқмаслигига аниқлик киритди.
Маълумот учун, Байден 7 март куни АҚШ Фаластин анклавига гуманитар ёрдам етказиб бериш учун Ғазо секторида вақтинчалик порт яратишини маълум қилди. Америка маъмурияти гуманитар ёрдам денгиз орқали Кипрдан Ғазога етказилишини тушунтирди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 март куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Кипрга ташрифи чоғида Ғазо секторига ёрдам етказиб бериш учун денгиз гуманитар коридори очилишини айтганди.
LiveБарчаси