АҚШ фуқароларини зудлик билан Беларусни тарк этишга чақирди
Олам
−
13:59
9453АҚШ Беларусь учун ташриф буюришнинг тўртинчи – энг юқори хавф даражасини белгилаб, фуқароларини дарҳол ушбу мамлакатни тарк этишга ва у ерга сафарлардан қочишга чақирди. Бу ҳақда Давлат департаментининг тегишли баёноти эълон қилинди.
Қайд этилишича, Вашингтон ушбу тавсияларни Беларусь ҳукуматининг маҳаллий қонунларни қасддан қўллаш, ҳибсга олиш хавфи, потенциал фуқаролик тартибсизликлари билан изоҳлаган. Шунингдек, Давлат департаменти Беларусга сафар қилишни тавсия қилмасликнинг сабаблари орасида Минскнинг Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлаши келтирилган. Шунингдек, Беларусда яшовчи АҚШ фуқароларига ёрдам кўрсатиш имкониятларининг чеклангани ҳам таъкидланган.
Маълумот учун, 2022 йил февралида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг АҚШ Давлат департаменти Минскдаги элчихонанинг фаолиятини “кейинги билдиришгача” тўхтатган. Бир йил ўтиб, АҚШ ҳукумати ўз фуқароларини мамлакатни дарҳол тарк этишга чақирган. Шунингдек, Беларусда бўлиб турган америкаликларга бошқа бир мамлакатдаги АҚШ элчихонаси ёки консуллигига мурожаат қилиш тавсия этилган.