АҚШ Эроннинг ядровий қуролдан воз кечиши учун пул бермоқчи – ОАВ
Олам
−
27 Июнь 7362 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Эрон уранни бойитиш ва ядровий бомба яратишдан воз кечса, унга 30 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда ўзининг тўрт нафар манбасига таяниб, CNN хабар берди.
Телеканалга кўра, ушбу маблағлар Эроннинг тинч ядровий дастурини ривожлантириш учун мўлжалланган бўлиб, пуллар АҚШдан эмас, балки Исроил ва Эрон ўртасидаги урушдан аввал бу масалада суҳбатлашилган араб давлатларидан келиши кўзда тутилмоқда.
“Кимдир бу дастур учун тўлашга мажбур бўлади, лекин биз бундай мажбуриятни зиммасига олмаймиз”, деган Оқ уй вакили.
Трамп маъмурияти фақат миллиардлаб долларлик инвестициялар билан чекланиб қолмай, Эрон устидан айрим санкцияларни олиб ташлаш ҳамда хорижий банкларда музлатилган Эроннинг 6 миллиард доллар маблағини олиш имконини ҳам тақдим этишни таклиф қилмоқда. Яна бир ғоя – АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчилари томонидан Фордодаги зарарланган ядровий объект ўрнига уран бойитиш имкониятисиз янги инфраструктурани қуришга ҳомийлик қилиш. Трамп маъмуриятининг билдиришича, бу таклифлар Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олишга қаратилган.
Оқ уй Вашингтоннинг таклифлари Исроил билан ўзаро зарба алмашинуви ва АҚШнинг Эрон ядровий марказларига ҳужумларидан сўнг Теҳронни келишувга ундайди деган умидда.
Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эрон ҳозирча АҚШ билан музокараларни қайта бошлашга тайёр эмаслигини маълум қилган. “Reuters” нашри маълумотига кўра, Исроил билан қуролли можаролар вақтида Ароқчи АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан бир неча марта телефон орқали мулоқот қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон парламенти Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни тўхтатишни маъқуллаган эди. АҚШнинг жорий йилнинг 22 июнга ўтар кечаси уюштирган ҳужумидан ҳам олдин Эрон МАГАТЭ ходимларининг ўз ядровий объектларига киришини кескин чеклаганди.
Агентлик маълумотига кўра, жорий йил май ўрталарига келиб, Эрон тахминан 409 кг юқори даражада бойитилган уранга эга бўлган. Бу миқдор тахминан ўнта ядро қуроли ишлаб чиқиш учун етарли бўлиши мумкин. МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бу моддалар қаерда сақланаётганини аниқлаш имкони йўқлигини билдирган. Эрон эса бу захираларни ҳужумлардан аввал бошқа жойга кўчириб улгурганини даъво қилган.