Эрон парламенти МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатишни маъқуллади
Олам
−
25 Июнь 2849 2 дақиқа
Эрон парламенти мамлакатнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорлигини тўхтатишга доир қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда парламент раиси ўринбосари Алиризо Салимий ISNA’га маълум қилди.
“Эроннинг МАГАТЭ билан ҳамкорлигини тўхтатишга оид лойиҳа умумий қоидалари ва тафсилотлари парламент томонидан тасдиқланди”, дейди у.
Қонун лойиҳасига кўра, МАГАТЭ ходимлари бундан буён Эрон ядровий иншоотларидаги хавфсизликни текшириш ва ушбу соҳадаги тинч мақсадли фаолиятни назорат қилиш учун фақат мамлакатнинг Миллий хавфсизлик бўйича олий кенгаши розилиги билан Эрон ҳудудига кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Бунгача МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси ташкилот инспекторларининг Эрондаги текширувларини имкон қадар тезроқ тиклашга чақирган. Унинг сўзларига кўра, бу АҚШ томонидан ҳужум қилинган объектдан 60 фоизгача бойитилган уранни чиқарган ёки чиқармагани масаласини аниқлаштиришга ёрдам беради.
Қайд этиш жоиз, Исроил Эронни ядровий таҳдидда айблаб, 13 июнь тонгида биринчи зарбани берган эди. Орадан 17 соат ўтиб Эрон жавоб зарбасини йўллади ва шундан сўнг томонлар ракета ҳужумларини давом эттирди. 22 июнь кечаси АҚШ Исроилга ёрдам сифатида Эроннинг ядровий объектларига зарба берди. 23 июнь оқшомида АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил тўлиқ ва ҳар томонлама ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилди.
Кейинроқ эса Исроил томони ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилганидан кейин ҳам Эрон ҳудудидан янги ракета отиш ҳолатлари қайд этилганини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари бу ҳужумларга жавоб берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Исроил билан уруши фонида Эрон парламенти Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилишни режалаштираётгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси