АҚШ Эронга қарши санкцияларни кенгайтирди
Олам
−
30 Сентябрь 2022
3404Америка Қўшма Штатлари Эрон нефть ва газ саноати билан боғлиқ 10 ташкилотга, шунингдек, нефть танкерига нисбатан қўшимча санкциялар киритди. Бу ҳақда кеча, 29 сентябрь куни АҚШ Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, янги чекловлар остида қолган компаниялар Ҳиндистон, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эроннинг ўзида жойлашган, бироқ уларнинг барчаси қандайдир тарзда Эрон юридик шахслари билан боғланган. Санкцияларга дучор бўлган компанияларнинг аксарияти нефть ва газ соҳасида ишлайди.
АҚШ Давлат департаменти котиби Энтони Блинкен АҚШ Эрон нефти ва нефт-кимё маҳсулотларини сотиш бўйича санкцияларни четлаб ўтиш уринишларига барҳам бериш учун қўшимча чоралар кўраётганини айтди.
“Эрон Ҳамкорликда комплекс ҳаракатлар режасини бузган ҳолда ўз ядровий дастурини ривожлантиришда давом этар экан, биз Эрон нефти ва нефт-кимё маҳсулотларини сотишга қарши санкцияларни қўллашни кенгайтиришда давом этамиз”, дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, Эрон ядровий дастури бўйича қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси 2015 йилда Эрон билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Доимий бешлиги ва Германия томонидан унинг ядровий ривожланиши билан боғлиқ инқирозни бартараф этиш учун имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатлари 16 сентябрь куни ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси