АҚШ Эронга ҳужумлар уюштирди, Теҳрон эса АҚШ объектларига зарба берди

Олам

image

АҚШ Эроннинг соҳил мудофааси ва ракета объектларига қарши янги ҳужумлар амалга оширди, Теҳрон эса бунга жавобан қўшни давлатлардаги Америка ҳарбий объектларига зарба берди. Бу ҳақда “Reuters” хабар қилди.

АҚШ кеча, 15 июль куни Эрон портларига нисбатан денгиз қамалини қайта жорий этгач, мамлакатнинг соҳил мудофааси ва ракета объектларига икки босқичли ҳужум уюштирган. Эрон эса бунга жавобан қўшни давлатларда жойлашган АҚШ ҳарбий объектларини нишонга олганини маълум қилган ва буни Америка билан кечаётган “мавжудлик учун уруш” деб атаган.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, ҳарбийлар АҚШ шарқий вақти билан соат 06:00 атрофида Эроннинг Катта Тунб оролидаги соҳил мудофааси тизимлари ҳамда қанотли ракеталарни сақлаш ва учириш объектларига зарба берган. Тўққиз соат ўтиб эса мамлакатнинг бир нечта шаҳарларига қарши иккинчи тўлқин ҳужумлари амалга оширилган.

“АҚШ кучлари Эроннинг қўмондонлик марказлари, ҳаво мудофааси объектлари, ракета ва дрон имкониятлари ҳамда соҳил кузатув иншоотларига зарба берди”, дейилади баёнотда. 

Шунингдек, Ҳормуз бўғозида жойлашган Эроннинг энг йирик порти ва денгиз флоти ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси объектлари жойлашган Бандар Аббос ҳам нишонга олинган. АҚШ ҳарбийлари аввалроқ 90 дақиқалик ҳужум давомида Катта Тунб оролидаги соҳил мудофааси ва қанотли ракета объектларига зарба берилганини ҳам маълум қилган.

Қайд этилишича, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўз навбатида Баҳрайн, Қувайт ва Иорданиядаги АҚШ ҳарбий нишонларига ҳужум қилинганини билдирган. Корпусга кўра, Қувайтдаги Али Ал Салем авиабазасида АҚШ ҳарбийлари тўпланган ҳудуд ва радиолокация тизими ракета ҳамда дронлар билан нишонга олинган.

АҚШ ҳарбийлари, шунингдек, огоҳлантиришларга бўйсунмаган ва Харк ороли томон йўл олган бўш нефть танкерини Hellfire ракеталари билан унинг мўри қисмига зарба бериб ҳаракатдан тўхтатганини билдирган. Маълумотга кўра, денгиз қамали қайта жорий этилганидан буён икки кема йўналтириб юборилган, яна бири эса ишдан чиқарилган.

Эрон оммавий ахборот воситалари Бандар Аббос, Аҳвоз, Конарак, Сирик ва Қешм атрофида бир қатор портлашлар юз берганини хабар қилган. “Press TV” Хондаб шаҳрида ҳам камида икки марта портлаш бўлганини маълум қилган. “Mehr” агентлиги эса Теҳронда “душман таҳдидлари”га қарши ҳаво мудофааси тизимлари ишга туширилганини ёзган. 

Уруш оқибатида асосан Эрон ва Ливанда минглаб одамлар ҳалок бўлган, миллионлаб аҳоли эса ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. “Tasnim” агентлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилига таяниб хабар беришича, фақат июль ойининг ўзида АҚШ ҳужумлари оқибатида 35 киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Иорданиядаги АҚШ ҳарбий-ҳаво базаси Эроннинг баллистик ракеталари билан нишонга олинганини маълум қилган ҳамда Иордания аҳолисини мамлакатдаги Америка ҳарбий базаларини тугатишга чақирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг